Қотил ўғил майити ота қабри ёнидан ҳаловат топди
Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситаларида ўз ота-онасига қўл кўтарган ёки уларнинг қотилига айланган ноқобил фарзандлар ҳақидаги хабарлар ҳам кўзга ташланмоқда. Бундай воқеалар инсонман, деган ҳар қандай кишининг юрагини ларзага солиши табиий.
Орамизда ота-онасига қўл кўтарадиган даражадаги кимсалар ҳам учраётганлигини кўриб, беихтиёр «тавба» дейди, киши. Халқимизда «Қилмиш-қидирмиш», деган нақл бор. Албатта, бу дунё — қайтар дунёдир. Ким нимани экса, шуни ўради. Ота-онасини хўрлаган инсон рўшнолик кўрмайди.
Шу ҳақида ўйлаганимда, ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа доим ёдимга тушади.
Ҳар гал шаҳардан қишлоғимга борганимда отамнинг қабрини зиёрат қилиш одатимни канда қилмайман. Бир сафар қишлоққа келган кунимнинг эртасига саҳарлаб қабристонга йўл олдим.
Етиб борганимда қуёш эндигина бош кўтараётган эди. Қабристон қоровули шу атрофда экан. Бу ерга келганимда доим шу қоровул Солибой ота билан бирга қабрларни зиёрат қиламиз.
— Ассалому алайкум, ота.
— Ваалайкум ассалом, кел ўғлим, — Солибой ота мени кўриши билан ёнимга ошиқди. — Шаҳардан қачон келдинг?
— Кеча келдим. Бугун бу ёқларни бир зиёрат қилиб кетай, дегандим.
Солибой ота билан бирга қабрларни зиёрат қилдик. Ота Қуръон тиловат қилиб бўлгач, мени ёлғиз қолдириб, ўзи ташқарига чиқиб кетди. Ҳар гал у шундай қилади. Бир оздан кейин мен ҳам ташқарига йўл олдим. Йўл-йўлакай янги қабр эътиборимни тортди. Ҳали келаётиб эътибор қилмаган эканман.
Кетар чоғимда отадан қабр ҳақида сўрадим.
— Ота, янги қабрга кўзим тушди, қишлоқда яқин кунларда бирор киши оламдан ўтганмиди?
Солибой ота бир зум жим қолиб, сўнгра оғир хўрсиниб қўйди.
— Бу Шодиқулнинг қабри. Биласан, анча йил аввал уйига маст ҳолда келиб, насиҳат қилган отасига қўл кўтариб, унинг ўлимига сабабчи бўлганди. Бир ойча бўлди, ўзи ҳам шу ичкилик туфайли оламдан ўтди.
Воқеадан хабарим бор эди. Лекин Шодиқулнинг вафот этганини энди отадан эшитиб тургандим.
Ота сўзидан давом этди:
— Билмадим, бирор сабаб билан унинг қабри чўкиб кетарди ёки яна тағин нимадир бўларди. Дастлаб ўзим у ёқ, буёғини тўғрилаб қўярдим. Кейин яқинларига хабар қилдим. Қабри сув чиқадиган жойдан кавланган экан, дейишиб мулла олиб келиб ўқитди ва майитни уч кун олдин отаси қабри ёнига қўйишди. Сен кўрганинг ўшанинг қабри.
Ота оғир тин олди.
— Ҳа, ўғлим... дунёнинг ишлари қизиқ экан. Биласан, мен шу қабристонга бир неча йиллардан бери қоровуллик қиламан. Бу ернинг ҳар қаричи менга аён. Бу ер баландликда жойлашган. Сув чиқадиган жойнинг ўзи йўқ. Бу Аллоҳнинг жазоси бўлса керак. Уни ер ҳам қабул қилишни истамади, менимча. Мана, отаси ёнига қўйилганидан бери ҳаммаси жойида. Бунда ҳам бир ҳикмат бор, ўғлим. Ота ўзига нисбатан ноқобиллик қилиб, ҳатто ўлимига сабабчи бўлган бўлса ҳам фарзандининг овора майитини ўз бағрига олди. Ҳа… шундай ўғлим, ота-она кечиримли бўлади, деб бекорга айтишмаган. Уларнинг бағри фарзандлари учун доим кенг бўлади. Фақат фарзандлар буни унутиб қўйишади.
Отанинг сўзларидан жуда ҳам таъсирландим ва узоқ вақт хаёлимдан кетмади. Китобларда ўқиганларим ёдимга тушди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умидида эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан икки эшик очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Фарзанд ота-онасидан қайси бирини хафа қилса, уни рози қилмагунича Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Агар ота-она фарзандига зулм қилса, фарзанд нима қилиши керак?», деб сўради. «Агар улар фарзандига зулм қилсалар ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак», дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Албатта, ота-онага улар ҳаёт пайтларида сидқидилдан яхшилик қилиш, ширинсўз ва хушмуомала бўлиш, уларнинг инжиқликларини тавозелик билан кўтариш, уларнинг розилигига эришиш керак.
Юқоридаги ҳолатдан ота-онанинг тириклигида қадри етмаган, уларга озор етказган фарзандларнинг гуноҳи оғир бўлишига яна бир бор амин бўлдим. Бу каби воқеалар баъзи ноқобил фарзандларга ибрат бўлиши керак.
Зеро, ҳаётнинг ўзи доно муаллим.
Бардошбек САМАД ўғли
Мавзуга оид
19:04 / 17.12.2024
Фарзанд туғилганда отага 5 кунлик таътил берилиши мумкин
01:17 / 27.11.2024
Россияда ота-она қаровисиз қолган уч нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
15:32 / 22.11.2024
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади
10:53 / 16.11.2024