Жамият | 01:17 / 27.11.2024
4774
2 дақиқада ўқилади

Россияда ота-она қаровисиз қолган уч нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

Олиб келинган болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий хизматлар уларнинг яшаш манзилига яқин бўлган «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан кўрсатилади.

Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Россия Ички ишлар вазирлиги ходимлари кўмагида халқаро келишувларга мувофиқ, Новосибирск ва Москва шаҳарларидан уч нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, болалар Тошкент шаҳри ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази томонидан қабул қилинган ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги кўмагида ота-оналарига топширилган.

Мазкур ҳолатда вояга етмаган шахслар ота-онасининг яқин қариндошига ишончнома асосида Россия Федерациясига борган, аммо ишончнома Россия ҳудудида юридик кучга эга эмаслиги сабабли вояга етмаган фуқаролар ота-онаси қаровисиз қолган деб эътироф этилган.

Таъкидланишича, олиб келинган болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий хизматлар уларнинг яшаш манзилига яқин бўлган «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан кўрсатилади.

«Ўз ўрнида, ота-оналардан вояга етмаган фарзандларини назоратсиз чет эл давлатига жўнатмасликни, дастлаб, ушбу давлатнинг қонунчилигини батафсил ўрганиш кераклигини эслатиб ўтамиз», — дейилади хабарда.

Октябр ўрталарида Ички ишлар вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари Тошкент шаҳар халқаро аэропортида яна 4 нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқаросини кутиб олгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, куни кеча Пекинда қийин вазиятга тушиб қолган 40 нафарга яқин фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид