Жамият | 17:47 / 25.10.2018
47321
10 дақиқада ўқилади

Мажбурий обуна схемаси. Муштарийга мажбуран тиқиштирилаётган нашрлардан нима наф?

Гувоҳ бўлиб турибмиз, илгари мажбурий меҳнат билан чамбарчас боғлиқ бўлган пахта мавсуми бу йил мутлақо бошқача тарзда ташкил қилинди. Эшитяпмиз, айрим жойларда аҳён-аҳёнда эскича фикрлаш қолипидан халос бўла олмаётган раҳбарлар, нега пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мумкин эмаслигини мушоҳада этиш неъматидан мосуво бўлган «каттакон»лар ҳамон одамларга зуғум қилишмоқда. Улар битта-битта фош бўлмоқда.

Яна ўқитувчи ва дўхтирлар балогардон

Бугун мулоҳаза қилмоқчи бўлганимиз бошқа мавзу. Билсангиз, пахта мавсумидан сўнг маош олиб ишловчиларни доим «обуна мавсуми» қийнаб келган. Айниқса, бюджетдан маош олиб ишловчи ўқитувчи ва шифокорларни. Таҳририятга яна жойлардан мажбурий обуна учун пул йиғилаётгани ҳақидаги хабарлар кела бошлади. Уларнинг аксарияти ўқитувчилар…

Гарчи республикамизнинг турли гўшаларидан арзлар келаётган бўлса-да, уларнинг мазмуни ҳайратланарли даражада ўхшаш: раҳбарлар фалон нашрга фалон сўмдан обуна учун, дея ўз ходимларининг пешона тери эвазига меҳнат қилиб топган маошидан «босиб» қолмоқда. Худди маошни уларга бобосининг чўнтагидан тўлаётгандек.

Аслида, бу ҳам мажбурлаш ҳисобланади ва қонунан мумкин эмас!

Президент Шавкат Мирзиёев 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг KUN.UZ’га маълум қилишича, ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини оширишга доир чора-тадбирлар ичида ўқитувчилар маошидан турли мақсадларда (газета ва журналларга мажбурий обуна, аванс коммунал тўловлар, турли тадбирлар чипталарига ва б.) мажбурий равишда олиб қолиш ҳам тақиқланиши белгиланган.

Бу ўринда айрим нашрларнинг ҳам бу ишга бош-қош бўлаётгани кишини ўйлантирмасдан қўймайди. Нашрнинг обуна уюштирувчи вакиллари ҳудудларга бориб, обуна уюштирганлик учун раҳбарларга «бонус» таклиф қилиб чиқишмоқда. Бу — поранинг замонавийроқ ва легаллашганроқ шакли, аслида.

«Бонус» эвазига раҳбар ўша нашрни мақташи, реклама қилиши, ходимлар эса раҳбар ишонтира олсагина ўз ихтиёри билан ўша нашрга обуна бўлиши керак. Нашрдагилар айнан шундай бўляпти деб оғиз ҳам йиртишади, индамасангиз. Бироқ айрим раҳбарлар ҳамон маъмурий ричагларни ишга солишмоқда — обунага одамлар барибир мажбурланмоқда.

Одамларнинг оғирини енгил қилиши, муаммоларни ёритиши, бундай ҳолатларга қарши курашиши лозим бўлган нашрларнинг ўзлари мана шундай ишларга бош-қош бўлиб, шароит яратаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Аммо…

Нашрларга ҳам шу ҳолат маъқул

Ишларнинг бу алфозда ташкиллаштирилгани марказий газета таҳририятларига ҳам маъқул. «Биз танқид қилмаймиз, фақат мақтаймиз ва пиар қиламиз. Эвазига — обуна!». Лўнда қилиб айтганда мана шундай «келишув»га эришилган.

Тўғри-да, жон куйдириб ишлаш ўрнига, бир-икки ой давомида қаердадир яхши гапириб, айрим жойларда ялиниб, қаердадир дўқ-пўписа билан ишни битириб, обунадан бир йил мобайнида майда чайнаб ейишга етадиган маблағ тўплаш — баъзи таҳририятларнинг асосий иши бўлиб қолган.

Обуна қай тарзда уюштирилаяпти, пул қандай йиғилаяпти, муштарий розими ойлигидан шу пулни берганига, ўзи унга қизиқми шу нашрни ўқиш — йигирманчи ўриндаги масала.

Идеал обуна мавсуми қандай бўлиши керак ўзи?

Ҳар қандай нашр ҳокимлик, корхона-ташкилотларнинг раҳбарлари ричагидан фойдаланмасдан, одамларни қизиқтириб, реклама ва тарғибот қилиб, муштарийлар билан учрашувлар ўтказиб, обуна уюштириши керак.

«Одамларни мажбурламаса ҳеч ким обуна бўлмайди-да», деяётганлар ҳам бор. Ҳеч ким мажбур эмас сизнинг нашрингизни ўқишга. Агар одамлар обуна бўлмаяпти эканми, демак нашрингиз номуносиб. Бўлди, бошқа вариант йўқ!

Албатта, бундай тутум билан иш кўраётган таҳририятлар шубҳасиз, касодга ва парокандаликка маҳкум.

Ўлиб бораётган даврий нашрлар

Тўғрисини тан олиш керак, бугунги кунда даврий нашрлар жамики позицияларда онлайн нашрларга мағлуб бўлиб улгурди. Газеталарнинг «паймонаси тўлгани»га ишонгиси келмаётганларгина бу фикрга қарши чиқишади, албатта. Мен буни чўкаётган инсоннинг хасга ёпишишига менгзайман.

Аслида газеталарнинг ҳаётда тутган ўрни тугаб бораётгани бутун дунёда кузатилаётган ҳолат. Одамларнинг муаммосини ёритиб чиқаётган, сиёсий фаол газеталар ҳам мажбурликдан онлайнлашмоқда. Биздаги газеталарни энди қўяверинг.

Босмахона харажатлари, қоғоз нархи қимматлашди. Илгари, валюта бозори эркинлаштирилмасидан аввал бу соҳадаги нархларга чидаса бўлар эди. Бироқ сўмнинг девальвацияга учраши бу соҳага ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Икки босма тобоқ ҳажмдаги ўртача тиражи 2000 дона бўлган газетани босмахонада босиш таннархи айни кунларда 550-600 сўм атрофида бўлиб турибди. Бунга энди ходимларнинг маоши, гонорар ва бошқа харажатларни қўшинг. Бир дона газетанинг таннархи 1500 сўмдан ошиб кетади.

Яна бир жиҳат: нимагадир бизда доимо обуна нархи қиммат қилиб белгиланади. Масалан, маълум бир газетани пайдар-пай, ҳафтама-ҳафта киоскдан нақд пулга сотиб олсангиз — бир баробар арзонроққа тушади. Лекин шу газетага аввалдан пул тўлаб йиллик обуна бўлиш бир ярим-икки баробар қиммат. Шунинг ўзиёқ обуна бошдан-бош ура-урачилик билан «халқни шилиш» мақсадида ўтказилаётганини англатмайдими?

Майли, обуна бўлди ҳам дейлик. Барибир керагидан ортиқча пул сарфлаган одамлар нашрлардан етарли информация ололмайди. Нашрлар одамларнинг информацияга бўлган чанқоқлигини тўлиқ қондира олмайди. Сотувдаги газетани харид қилиш учун иссиқ уйини тарк этиб, киоскка тушиб келувчилар кўпчиликни ташкил этмайди.

Интернет асрида яшамоқдамиз. 9 ё 10-синф боласининг Телеграм канали, сифатини қўя турайлик, майли, аммо текин ва тезкор информация бериб турганда, сизнинг нашрингизни нима учун сотиб олиш ёки обуна бўлиш керак? Пўпанак босган онги очилиши учунми? Кечириб қўясиз, потенциал муштарий асло ўзининг онгини пўпанак босган, деб ҳисобламайди.

Хуллас, ҳар қандай жимжимадор сўзлар билан бўяб-бежалмасин, газета чиқариш эскирган, қизиқмас информацияни мажбурлаб сотишга ўхшаб бормоқда.

«Бажарасан!» «Бажарамиз…»

Айни пайтда эски усулда, туман ҳокимликларининг жадвали ёрдамида обуна уюштириш ҳамон актуал бўлиб турибди. Бунда тумандаги барча корхона, ташкилотларга қайси нашрдан қанчадан обуна қилиниши белгилаб чиқилади. Бу рўйхатнинг бошида давлат, ҳукумат ва тегишли вазирликларнинг марказий нашрлари бор. Улар саналса 15тача чиқади ё йўқ.

Лекин қандайдир йўл билан бу рўйхатга асло бошқа муассисларнинг, хусусий корхоналарнинг нашрлари ҳам кириб қолмоқда. Уларни-ку қўя туринг, ҳаттоки сиёсий партияларнинг нашрлари ҳам ҳокимликлар томонидан тузиладиган рўйхатдан чиқариб ташланиши керак.

Сиёсий партиялар ўз дастурига халқни қизиқтира олиши керак, ўзини қийнаши, елиб югуриши, овози учун халқ ичида агитация қилиши керак. Бунинг энг яхши йўли — қоғозда чоп этиш эмас, излаганда маълумот дарҳол чиқиб келадиган интернет сайтдан фойдаланишдир. Сиёсий партияларнинг пропаганда платформаси газета ёки журналда эмас, интернетда — ижтимоий тармоқларда бўлиши лозим.

Қоғоз маъқулми ёки сайт?

Туман ҳокимликларига ҳам газета нега керак? Ёппасига улардан воз кечиш вақти келмадимикан?

Бу борада ҳаттоки намуна сифатида «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари тўплами», «Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами»ни улар Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси — www.lex.uz’га ўтказилган ҳолда эълон қилиниши белгиланди. Қоғозга чоп этишдан, обуна бўлишдан воз кечилди.

Бир тумандаги бўлаётган воқеалардан аҳолини хабардор қилиб туришнинг энг яхши йўли интернет сайт юритиш эмасми? Ўша ердаги воқеалардан наинки туман, вилоят ёки Ўзбекистон, бутун дунё воқиф бўлмайдими? Унга яна мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларни қўшинг. Қачонгача тумандаги ҳамкасбларимиз XX асрда юришади?

Айтайлик, халқ депутатлари туман кенгаши (ҳокимлик эмас!) қошида ана шундай таҳрир кенгаши — туман матбуот ва ахборот хизмати тузилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Акс ҳолда, туман нашри аксарият жойларда ҳокимнинг «карнайи»га айланиб қолмоқда. Бундай нашрларда ҳеч қачон халқни қийнаётган, ҳокимлик масъул бўлган муаммолар олиб чиқилмайди. Фақатгина туман кенгаши қошида таҳририят тузилса, тумандаги журналистларнинг қўли ечилади ва эркин ижод қилиши учун шароит туғилади. Бу ҳолда таҳририят жамоаси ҳам Халқ депутатлари туман кенгаши томонидан тасдиқланиши керак бўлади.

Ҳозир ҳар қандай информация пул туради. Вилоят миқёсида битта марказий нашр етарли десак, тумандаги таҳририятлар ҳам вилоят, республика нашрларига, ахборот интернет сайтларига информация сотишлари, бунинг ортидан пул ишлашлари ҳам мумкин.

Кейинги мақоламизда обуна уюштиришда йўл қўйилаётган қаллобликлар, бу борада ҳаттоки таҳририятларни ҳам қийнаётган муаммолар тўғрисида гаплашамиз.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz журналисти

Мавзуга оид