Жамият | 18:57 / 26.10.2018
16825
7 дақиқада ўқилади

Саратонга бўйсунмаган йигит ёки бир оёқда икки уммон аро

Фото: Windspeaker

У баскетбол юлдузи бўлишни орзу қиларди. Аммо навқирон 19 ёшида унда жуда хавфли ўсма – саркома аниқладилар ва шифокорлар бир оёғини кесиб ташлашди. Ҳаётга эндигина қадам қўяётган йигитча учун бу даҳшатли синов эди. Лекин у тушкунликка тушмади қолган қисқа умрини курашга сарфлади.

Терри Фокс 1958 йилнинг 28 июлида Канаданинг Виннипег шаҳрида дунёга келган. Ёшлигидан у баскетболга қизиқар ва бу спорт турида яхшигина натижаларга эришаётганди. Мактабни битирганидан сўнг жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиш учун университетга ҳужжат топширди. Аммо 1977 йилда Терри ўнг тиззасида оғриқлар ҳис қила бошлади. Шифокорлар унда суяк саркомаси борлигини аниқлашди.

Маълумот учун: Ўхшаш жиҳатлари кўп ва бир хил тоифага кирсада, саркома саратонга нисбатан хавфлироқ ўсма тури бўлиб, асосан ёшларда кузатилади ва жуда тез ривожланади.

Террининг оёғи тиззасидан юқорисидан кесиб ташланди. Шундан сўнг йигитнинг баскетбол билан боғлиқ орзулари армонга айланди. Олдинда тушкун ва мавҳум ҳаёт кутарди. Деярли уч йиллик эзгинликдан сўнг Терри Фокс қатъий қарор қабул қилади ва кўпчилик унинг юра олишига ҳам шубҳа қилиб турган бир пайтда ясама оёғи билан улкан ватанининг у чеккасидан бу чеккасига қадар – икки уммон оралиғидаги масофани югуриб ўтишга қарор қилади.

«Умид марафони» (ингл. Marathon of Hope) деб номланган бу акциянинг мақсади онкологик касалликларга қарши тадқиқотлар учун маблағ йиғиш бўлди. Терри ҳар бир канадаликдан 1 доллардан пул тўплашни режалаштиради ва деярли бир йил астойдил машқ қилади. У кўзлаган мақсадига етиш, бу масофани забт этиш соғлом одам учун ҳам жиддий синов эканлигини яхши англаб турарди.

«Умид марафони» 1980 йил 12 апрелда бошланди. Ўз оёғини Атлантика океани сувига тиқиб олган Терри Фокс келгуси сафар Тинч океанида шўнғишни мақсад қилганича югуришга тушди. Дастлаб унинг бу акциясига деярли ҳеч ким, айниқса мухбирлар эътибор бермайди. Аммо йигитча тақдир тақозосига кўра калтароқ ясаб қўйилган протез оёқда оқсоқланганича ҳар куни стандарт марафон учун кўзланган марра – 42 километрни югуриб бораверди. «Менда тўхташ учун сабаб ва баҳона йўқ» деган шиор остида ҳаракат қилган Терри фақат бир марта – Рождество байрамида дам олди холос.

Аста-секин у ҳақда ёзишни бошлашди, лавҳалар тайёрланди, Терри Фокс югуриб ўтадиган йўлларга одамлар тўпланиб турадиган бўлишди. Айрим шаҳарларда минглаб одамлар йиғилар, кўплаб спорт мусобақалари ва йирик тадбирлар айнан Терри Фокс етиб келадиган пайтга қараб, у очиб беришини мўлжаллаб бошланарди. Унинг ортидан югурувчилар, Террини йўлларда кузатиб борувчилар гуруҳи пайдо бўлди.

Фото: Wikipedia

Йўлда уни кузатаётганлар протез ва оёқ бириккан жойда қон оқаётганини кўришар ва уни тўхташга ундашарди. Аммо Терри оғриқларни писанд қилмади, ҳар қандай об-ҳавода ҳам ҳаракатланишда давом этди.

Канадаликлар «Умид марафони»нинг асл мақсадини ҳам унутиб қўйишмади. Махсус очилган ҳисоб рақамига миллионлаб кишилардан хайриялар келиб туша бошлади. Одамлар унинг қўлига 100 доллардан қистириб, елкасига қоқиб қўйишар, у эса бу пулларни йиғиб бораверарди. Бир марта 8 минг кишилик аҳоли яшовчи шаҳарчадан югуриб ўтгунича 14 минг доллар пул йиққани қайд қилинган. Бир машшоқ унга ягона бойлиги – гитарасини совға қилган ва бу гитара учун 500 доллар тўлашларини билдирган.

Лекин касаллик яна бош кўтарди ва ривожлана борди. Чидаб бўлмас оғриқлар Террига азоб бера бошлади. Улкан ирода ва мақсадга етишиш истаги билан у югуришда давом этди.

143 кунлик марафондан сўнг, 1980 йилнинг 1 сентябрида Терри Фокс югуришдан тўхташга мажбур бўлди. Ўсма ҳужайралари бутун организм бўйлаб тарқалиб, ўпкага ҳам етиб борган, энди жисмоний зўриқиш тўғрисида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди.

Шунга қарамай 5 373 километр масофани, мўлжалнинг ярмини ортда қолдирган, лекин Тинч океанига етиб бора олмаган Терри Фокс ҳақиқий қаҳрамонга айланиб улгурганди.

Фото: Wikipedia

Орадан ўн ой ўтиб, 23 ёшига бир ой етмай Фокс вафот этди. Бу хабар бутун Канадани оёққа турғизди ва ҳамманинг кўзлари ёшга тўлди.

1981 йилнинг февралига келиб 24 миллион доллар тўплаб бўлинган ва бу Канаданинг ўша пайтдаги 24 миллион кишилик аҳолисига мувофиқ келарди.

Терри Фокс масофани жисмонан забт эта олмаган бўлсада, миллионлаб инсонлар қалбида умид ўйғотди ва саратонга қарши кураш мақсадида жуда катта лойиҳа ҳамда маблағ қолдириб кетди.

Ҳозирги кунда ҳам Канада ва дунёнинг элликдан ортиқ давлатларида «Терри Фокс» номидаги хайрия акциялари ҳамда марафонлар бўлиб ўтади. Улардан тушган пуллар онкологик касалликларига қарши махсус жамғармада тўпланади.

Терри Фокс марафони хайрия мақсадида якка тартибда бўлиб ўтган энг йирик акция сифатида рекордлар китобига кирди.

Орадан 27 йил ўтиб «Терри Фокс жамғармаси»да 500 миллион доллардан ортиқ маблағ йиғилган ва бу жамғарма онкологик касалликларга учраган минглаб беморларга ёрдам учун сарфланади. Бу касалликка учраб тушкунликка тушган одамларга Терри Фокс ҳаёт йўли мисол қилиб кўрсатилади, тузалиш имконияти 15 фоиз бўлгани ҳолда ёш йигитнинг шу қадар ирода кўрсатгани 70-80 фоизли имкониятга эгаларга катта умид бағишлайди.

«Мен мўъжизага ишонаман. Ишонишим шарт» деган Терри Фоксга бу кунларни кўриш насиб қилмади.

Терри Фокснинг бу ҳаракати жамғарма ёки марафон доирасида қолиб кетмаган. Ватани пойтахти Оттава шаҳрида унга мустаҳкам ирода рамзи сифатида ҳайкал ўрнатилган, Терри Фокс ҳақида фильм ишланган, Канада ҳукумати 1983 йилда янги музёрар кемани унинг номи билан атаб сувга туширган.

Фото: Wikipedia

Мавзуга оид