Смартфонлар мия саратонига сабаб бўлиши ҳақидаги фикрлар асоссиз деб топилди
Анчадан бери жамоатчилик ва илмий доираларда телефонларнинг соғлиққа жиддий таъсири ҳақида хавотирлар юради. ЖССТ ҳомийлигида ўтказилган сўнгги тадқиқот бу хавотирларга жавоб берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) буюртмаси асосида ўтказилган тизимли таҳлиллар мобил телефонлардан фойдаланиш мия саратони ривожланиши хавфини оширмаслиги ҳақида ишончли далилларни тақдим этди — шу пайтгача айримлар бунинг аксини таъкидлаб келган.
The Conversation нашри ёзишича, қурилмалар бу жиҳатдан хавфсиз экани аниқланган бўлса-да, уларнинг организмга бошқа таъсирлари ҳамон шубҳа остида қолмоқда.
Environment International журналида эълон қилинган натижалар шарҳи ҳозирги кунга қадар энг ишончлиси ҳисобланиб, унда 5000 дан ортиқ тадқиқот маълумотлари таҳлил этилган. Булар орасида 1994 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда ўтказилган 63 та муҳим изланишлар ҳам бор.
Тадқиқот натижалари мобил телефонлардан тарқаладиган радиотўлқинлар ва мия саратони ўртасида сезиларли алоқа йўқлиги ҳақида анча олдин шаклланган илмий қарашга мос келади.
Мобил телефонларни саломатлик учун потенциал хавф сифатида кўриш улардан фойдаланиш пайтида смартфонларнинг бошга яқин тутилиши ва радиотўлқинлар тарқатиши билан боғлиқ хавотирлар ортидан келиб чиққан. Мобил қурилмалардан узоқ вақт фойдаланиш саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкинлиги тўғрисида жамият ва илмий доираларда доимий мунозаралар ўтказилади. Бироқ аввалги тадқиқотларга нисбатан анча кенг қамровли ва янги изланишларни ўз ичига олган сўнгги таҳлилда, мобил телефонлар бу борада хавфсиз экани ҳақида янада ишончлироқ далиллар келтирилди.
Унда, шунингдек, ЖССТ таркибий қисми бўлган Халқаро саратон касаллигини тадқиқ этиш агентлигининг 2011 йилдаги таснифи ҳам кўриб чиқилган. Таснифда радиотўлқинлар таъсири “инсон учун мумкин бўлган канцероген” сифатида баҳоланган. Ушбу тасниф чекланган ва унчалик холис бўлмаган кузатув тадқиқотларига асосланганди, дейди Вуллонгонг университети радиация тадқиқотлари ва маслаҳатлари бўйича директори ҳамда доцент Сара Лафран.
Янги натижалар мобил телефонларнинг саратонга сабаб бўлиши ҳақидаги ғояни қўллаб-қувватлаш учун етарли далиллар йўқлигини тушунтиришга ёрдам бермоқда.
Шарҳда, шунингдек, мобил телефонлардан ўн йил ва ундан ортиқ фойдаланиш организмга қандай таъсир қилиши кўриб чиқилган. Натижада, телефон ишлатиш частотаси ва давомийлигидан қатъи назар, мия саратони ёки бош ва бўйин соҳасида бошқа турдаги саратонлар ривожланиши хавфининг ошиши аниқланмади. Замонавий дунёда мобил телефонлар ва бошқа симсиз технологиялар кенг тарқалганини ҳисобга олсак, бу хулоса жуда муҳим аҳамият касб этади, дейилади мақолада.
Лафран бу натижалар мобил телефонларнинг нурланишига оид миллий ва халқаро хавфсизлик стандартларининг самарадорлигини тасдиқлайди, деган фикрда. Бироқ олимлар технологиялар ривожланиши билан келажакда радиотўлқинлар таъсири хавфсизлик чегараларидан ўтиб кетишига йўл қўймаслик учун тадқиқотларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
#смартфон #саратон #ЖССТ #нурланиш
Мавзуга оид
18:19 / 13.11.2024
ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
12:58 / 13.11.2024
Мобил қурилмалар эраси: энг кўп сотилган телефонлар
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:42 / 08.11.2024