Ўзбекистон | 17:25 / 26.10.2018
4108
3 дақиқада ўқилади

«Технопарклар тўғрисида»ги қонунни тайёрлашда кореялик мутахассислар кўмак беради

Фото: MUIC

Mirzo Ulugbek Innovation Center​ ва Корея технопарклари уюшмаси ҳамкорлик тўғрисида келишувни имзоладилар. Ҳужжат маҳаллий бозорда ахборот-коммуникация технологиялари ва экотизимлар стартапини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни амалга ошириш бўйича тарафларнинг ўзаро режаларини акс эттиради. Бу ҳақда марказ расмий вакили Kun.uz'га хабар берган. 

MUIC​ директори Фарҳод Ибрагимов ва Корея технопарклари уюшмаси раиси Джейхун Ли иштирокидаги расмий маросим 25 октябр куни Тегу шаҳрида бўлиб ўтди. Келишувни имзоланиши тарафларга жорий йилнинг июль ойида Корея Республикаси технопарклари уюшмаси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган қатор шартлашувларни амалга оширишга ўтиш имконини беради.

Хусусан, гап Уюшманинг етакчи экспертларини MUIC​ қошидаги технопарк концепциясини ишлаб чиқиш, Тошкентда уни қуриш, шунингдек, технопаркни бошқариш тўғрисидаги низомни тайёрлашга жалб қилиш ҳақида бормоқда. Кореялик ҳамкорларнинг технологик тажрибаси ғояларни юзага келтирадиган, уларни ишлайдиган, ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотларга айлантирадиган майдонча ва Ўзбекистонда стартапларни ривожлантириш учун пойдевор бўладиган IT-инфратузилмасининг универсал объектини яратишга имкон беради. Технопарк тузилмасида тадқиқот лабораториялар, R&D-марказлар, коворкинг марказлари ҳамда инновацион экотизимнинг бошқа таркибий қисмлари бўлиши назарда тутилган.

Имзоланган келишув шунингдек, MUIC​'ни масъул ходимларининг Корея технопаркларида стажировкадан ўтиши, Ўзбекистон Республикасининг «Технопарклар тўғрисида»ги қонуни ва бошқа қонуности ҳужжатларини тайёрлашда кореялик мутахассисларнинг экспертлик кўмаги режаларини ҳам қамраб олган.

Маросим чоғида MUIC​ директори Фарҳод Ибрагимов «Ўзбекистонда IT-паркларни ривожланиш истиқболлари» маърузаси билан чиқди, шундан сўнг имзоланган келишувда баён этилган режаларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги ишларни анча батафсил муҳокамаси бўлиб ўтди.

MUIC​ ва Корея Республикаси технопарклари уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик ҳам тажриба алмашувини, ҳам қўшимча ресурслар сафарбар этилишини жадаллаштиради. Жумладан MUIC​ ва Гёнбук технопарки (Корея Республикаси технопарклари уюшмасининг аъзоси) энди биргаликда Knowledge Sharing Program (KSP)​ дастурида иштирок этишга ариза топширдилар, унга кўра MUIC​ технопаркини ривожлантириш бўйича ҳар иккала тарафнинг биргаликдаги фаолиятига Корея Республикасининг ҳукумати томонидан қўшимча молиялаштириш ажратилиши назарда тутилади.

Келишувнинг имзоланиш пайти Корея Республикаси технопарклари уюшмасининг 20 йиллигини байрам қилинишига мувофиқ белгиланган.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид