Иқтисодиёт | 12:33 / 26.10.2018
16760
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда полимер банкнотларга эҳтиёж борми?

Фото: beta.theglobeandmail.com

Полимер банкнотлар ривожланган давлатларда кенг фойдаланиб келинаётган восита ҳисобланади. Полимер валюта, биз кундалик ишлатадиган қоғоз пуллардан фарқли равишда мустаҳкам, сув, ёнғин ва бошқа ташқи хавфлардан ҳимояланган бўлади. 

Худди пластик картага ўхшаш, янги пул кўринишини яратишга ҳаракат 1968 йилда бошланганди. Reserve Bank of Australia, Commonwealth Scientific&Industrial Research Organization ҳамда Мелбурн университети ҳамкорлигида илк маротаба ушбу лойиҳа устида иш бошланди. Узоқ  изланишлардан сўнг, 1988 йилда у муомалага киритилди. Орадан 8 йил ўтиб эса банк тўлиқ ушбу тизимга ўтган. Шундай қилиб, Reserve Bank of Australia томонидан илк маротаба 10 Австралия доллари полимерлаштирилди. 

Ҳозирги кунда пластик полимер банкноталар кўплаб ривожланган мамлакатларда оммалашган. Унинг бир қанча афзалликлари мавжуд:

• Хавфсизлик юқори даражада ва қалбакилаштиришнинг имкони йўқ;
• Атроф-муҳитга зарарли таъсири камроқ, чунки ишлатилиш муддати узоқроқ бўлади, ўзида бактерияларни кам сақлайди;
• Сув ўтказмайди;
• Ташқи таъсирларга (кир, намлик) чидамли бўлгани учун доим тоза ҳолатда туради;
• Қайта ишлаш мумкин;
• Ўта иссиққа ва совуққа ҳам чидамли.

Танганинг иккинчи томонига ҳам эътибор бериш фойдадан холи бўлмайди:

• Уни ишлаб чиқаришга одатдагидан кўпроқ маблағ сарфланади;
• Букланиши, бошқа шаклларга кириши қийин;
• Қайта ишлатилиши мумкин, лекин барча давлатларда ҳам буни амалга ошириш учун махсус технология мавжуд эмас. Бу ортиқча сарф-харажатни келтириб чиқаради;
• У ёқиб юборилса, ҳавони ифлослантиради;
• Иситиш манбалари олдида турса эриб кетади;
• Кўп ишлатилиши натижасида ранги ўчиб кетиш эҳтимоли мавжуд.

Шу кунгача 23та давлатда ҳам пластик банкнотлардан, ҳам анъанавий пуллардан фойдаланилиш амалиёти кузатилади. Атиги 4та мамлакат (Руминия, Канада, Исроил, Вьетнам)да барча пуллар полимер шаклга ўтказилган. Канада бу тизимга ўтиб бўлди. Буюк Британия эса 2020 йилгача полимер банкнотларни муомалага киритишни режалаштирган. 

Полимер тадқиқотчиси Стейн Страус инновацион хавфсиз банкнотларнинг афзалликлари ҳақида қуйидагича фикр билдирган: «Қоғоз пулни ишлаб чиқариш учун нафақат сунъий, балки  табиий хомашё ҳам зарур бўлади. Мисол учун, АҚШ долларининг 75 фоизи пахтадан тайёрланади. Бу жараёнда, шунингдек, сув ва кимёвий унсурлардан фойдаланилади».

Полимер банкнотларни узоқроқ вақт сақлаш имконияти бўлгани учун ишлаб чиқариш ҳажми, ўз навбатида, харажатни камайишига эришиш мумкин. Статистик маълумотларга таянадиган бўлсак, дунёнинг 3 фоизи аҳолиси полимер пуллардан фойдаланмоқда. 

Бизда-чи? Ўзбекистонда полимер пулларга эҳтиёж борми? Ишлаб чиқариш қанчалик фойда келтиради? Ёки аксинча? Шу ва бошқа қўшимча саволлар билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, халқаро савдо ва инвестиция кафедраси ўқитувчиси Муҳаммадали Эшонқуловга юзландик.

«Маълумки, полимер пулларни ишлаб чиқаришдан асосий мақсад уни қалбакилаштиришдан ҳимоя қилишдир. Юртимизда миллий сўмни қалбакилаштириш ҳолатлари кўп учрамайди. Асосий сабаб валютамизнинг қадри айрим хориж давлатлариникидек баланд эмаслигида. Шунинг учун айни вақтда сўмни полимерлаштириш ва уни муомалага киритишга унчалик катта зарурат йўқ. 

Экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан олинадиган бўлса, ушбу турдаги пулни муомалага киритиш лозим. Энг катта афзаллиги – қайта ишлаш имконияти мавжуд. Шунингдек, ортиқча сарф-харажатни ҳам олдини олиш мумкин. Бу қандай амалга ошади? Масалан, ўрта ҳисобда қоғоз пуллар ҳар 3-4 йилда (валюталарнинг қийматига қараб бу муддат ўзгаради) муомаладан чиқариб ташланади ва ўрнига янгиси ишлаб чиқарилади. Полимер пулларга эса 7 йилгача умуман зарар етмайди. Фойдали томони шундаки, уни ишлаб чиқариш учун бизда етарли хомашё мавжуд. Табиий материалдан (пахта) ишлаб чиқарилган қоғоз пулдан кўра, қайта ишлаш имконияти мавжуд бўлган полимер вариант маъқул йўл бўлади.

Миллий валютани полимерлаштириш босқичма-босқич амалга оширилиши керак. Бунда пастроқ қийматли бўлган 500, 1000, 5000 сўмлик купюраларни танга шаклида (уларни қалбакилаштириш эҳтимоли у қадар баланд эмас), баландроқ қийматдаги (10000, 50000) пулни эса полимерлаштириш керак. Сабаби унинг қадри баландроқ ва қалбакилаштириш кўрсаткичи ҳам юқори бўлади. Яна бир таклиф: аҳолининг харид қобилиятини янада ошириш, пул сиёсатини бир меъёрда сақлаб туриш учун бу соҳани электронлаштириш кўпроқ самара беради. Ҳозирда деярли барча тўловлар банк пластик карталари орқали осон ва самарали амалга оширилмоқда. Шу тенденцияни давом эттириб ривожлантирсак, кўпроқ сарф-харажатнинг олдини оламиз. Ўзбекистон шароитида монетар жабҳани электронлаштириш нисбатан оқилона йўл, чунки миллий валютамизни қалбакилаштириш хавфи жуда кам».

Марказий Банкнинг очиқ маълумотлар базасида ушбу масала бўйича аниқ статистика кўрсатилмаган, яъни миллий валюта кўринишидаги банкнотларни ишлаб чиқаришга қанча маблағ сарфланиши, уларнинг ҳаётий давомийлиги ҳақида маълумот йўқ.

Шунга қарамай, полимер банкнотларни ишлаб чиқаришга кўп харажат сарфланса ҳам, буни амалга ошириш зарур. Статистик маълумотларга қараганда, сўм қадри ҳар йили 14-15 фоизга тушади. Бу кўрсаткич нормал ҳолатдан 2 баравар кўп деганидир. Масалан, вақт ўтган сайин аҳоли истеъмолида бўлган банкнотлар кўпайиши, уларнинг айланиши, қолаверса, ташқи таъсирларга учраши юқорида санаб ўтилган бошқа муаммоларга етаклаши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, инфляцияга қарши туришга ёрдам бермаса-да, банкнотнинг чидамлилигини ошириш лозим. Пулларни полимерлаштириш ислоҳоти бу муаммони олдини олса, ажабмас.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид