Спорт | 12:40 / 31.10.2018
8233
4 дақиқада ўқилади

Бадминтон: бой тарих ва ёрқин келажакка эга ўйин

Жорий йилнинг 27 октябрь куни Тошкентда янги бадминтон марказининг очилиши бўлиб ўтди. Марказ нафақат профессионал спортчиларни, шунингдек, бадминтон билан шуғулланиш истагида бўлган ҳаваскорларни ҳам қабул қилади.

KUN.UZ ўз ўқувчиларига мазкур спорт турининг тарихини таништириш мақсадида у ҳақидаги қизиқарли фактларни тўплади.

Бадминтон бой тарихга эга, унинг келажаги эса ёрқин бўёқларда аксланади.

Тарихидан бир шингил. Бадминтон — энг қадимий ўйинлардан бири. Айрим фактлар замонавий бадминтон қадимий волан ўйинидан келиб чиққанини тасдиқлайди. Икки минг йил муқаддам қадимий Юнонистонда, Хитойда, Японияда, Ҳиндистонда ва Африка мамлакатларида волан ўйнашган. Аксарият тадқиқотчиларнинг фикрича, бадминтоннинг замонавий талқини ҳиндларнинг «пуна» номли ўйинидан келиб чиққан ва уни 1860-йилларда Британия армияси аскарлари ўзлаштиришган. Бу ўйиннинг Европада тарқалишида Англия герцоги Бофортнинг ҳиссаси катта. 1873 йилда герцог ўзига тегишли ерда илк ҳаваскор корт бунёд этган. Ўйин ўша ердаги қаср — «Бадминтон ҳаус»нинг номига атала бошлади. Орадан 20 йил ўтиб Англия бадминтон ассоциацияси ўйин қоидаларини эълон қилди, орадан яна 5 йил ўтгач, илк расмий турнир ўтказилди.

 

Олимпиададаги дебюти. Бадминтон 1992 йилдан буён олимпия спорт тури ҳисобланади ва энг оғир жисмоний зўриқишларга сабаб бўлувчи янги спорт турлари ичида учликка киради.

Ўйин таснифига кўра, бадминтоннинг қуйидаги турлари бор:

1. Яккалик эркаклар тоифаси.

2. Яккалик аёллар тоифаси.

3. Жуфтлик эркаклар тоифаси.

4. Жуфтлик аёллар тоифаси.

5. Аралаш жуфтлик тоифаси.

Спортчиларнинг имкониятлари нуқтаи назаридан:

1. Бадминтон.

2. Парабадминтон.

Бадминтон ҳақида қизиқарли фактлар:

- спортчиларнинг жалб қилиниши бўйича жаҳонда футболдан кейин иккинчи ўринда турувчи спорт тури ҳисобланади. Сайёрамизнинг ҳар эллигинчи кишиси бадминтон билан шуғулланади;

- спортнинг энергияни энг кўп сарфлашга мажбур қиладиган тури ҳисобланади ва космонавтларни тайёрлаш дастурига ҳам киритилган;

- спорт бадминтони калорияни йўқотишда аъло даражада қўл келади. Бир соат ўйнаш 480 килокалориянинг йўқ бўлишига хизмат қилади — бу барча спорт турлари ичида энг юқори кўрсаткич;

- спортнинг энг тез ракеткали туридир. Воланнинг учиш тезлиги 270 км/соатгача етади;

- агар бир ўйин давомида спортчининг барча ҳаракатлари йиғилса, узунликка у 10 километрча «чопади», баландликка эса 1 км сакрайди;

- юқори классдаги спорт усталарининг ўйин давомида зарба алманишув суръати сониясига 0,7 зарбани ташкил этади. Бир матч давомида қайд қилинган энг максимал зарбалар сони — 19725 марта.

Бадминтон кўз нурини ўткир қилади, мияни чархлайди ва юрак ишини яхшилайди. Бадминтон кўзнинг кўриш қобилиятини яхшилайди, чунки ўйин давомида кўз мушаклари ишлайди. Йўналишини тез-тез ўзгартираётган воланнинг учишини кузата туриб, кўз шуғуллантирилади. Бу узоқ ва яқинни кўришни яхшилайди. Бадминтон, шунингдек, стратегик фикр юритиш ҳамда тезкор реакциялар учун ҳам фойдали. Волан парвози траекториясини кузатиб ва унинг ерга тушиш жойини чамалай туриб, инсон ўз миясини тезда қарор қабул қилишга мажбурлайди ва бу кейинчалик стресс ҳолатида ишлашда қўл келади. Бадминтон, шунингдек, инсон юрак қон-томир тизимини ҳам шуғуллантиради ва уни янада чидамли бўлишига хизмат қилади.

Фарзандга нега бадминтон ўйнашни ўргатиш керак?

Доим компьютер экрани ёки смартфонга тикилиб вақт ўтказувчи болаларга бадминтон, айниқса, фойдали. Чунки ўйин вақтида кўз мушаклари фаол ишлайди.

Бадминтон бўйича машғулотлар эпчиллик ва чидамлиликни ривожлантиради. Бола жисмоний жиҳатдан ривожлана бошлайди.

Ўйин реакцияни кучайтиради ва тезда қарор қабул қилиш кўникмасини ўстиради.

Бадминтон бола характерини ривожлантиради. Ҳар куни у мусобақалашади ва ғалаба қозонишни ўрганади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид