Муҳожир кундалиги: Саробга айланган Россия. Регистрация, патент...
Ҳозирги кунда инвестиция жалб қилиш давлат сиёсатининг устувор жиҳатларидан биридир. Негаки, иқтисодиётнинг қон-томирлари ҳисобланган молия ресурслари шаклланиши ва ўсиш суръатлари мамлакат келажагини қайсидир маънода белгилаб беради. Бундай инвестицияларга фақатгина хорижий компаниялар, молия ташкилотлари ва корпорациялар эмас, оддий қишлоқ вакили бўлган усталар, сувоқчи, бетон қуювчиларнинг ҳам ҳиссаси катта. Ахир улар Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея каби хорижий давлатларда қора терга ботиб юбораётган маблағлари ҳам шу мамлакат ҳудудига, иқтисодига кириб келмоқда. Улар юборган пуллар йиғилиб бутун бошли мамлакат иқтисоди учун салмоқли капиталга айланади.
Тома-тома кўл бўлур
Россияда ишлаётган фуқароларимиздан, яъни жисмоний шахслардан ўтказилаётган маблағлар 2018 йилнинг иккинчи чорагининг ўзида 748,8 млн долларни ташкил этди. Кичик сумма эмас. Аммо бу улкан рақамлар ортида улкан меҳнатлар, азоб-уқубатлар-у, кўплаб оилаларнинг ғам ва ҳасратлари ётибди. Келинг, бир инсоннинг турмуш чорраҳаларидаги ташвишлар учун бошидан ўтказиши мумкин бўлган синовларни сарҳисоб қилайлик.
Саргузаштларга тўла поезд
Ҳам ўқиш, ҳам саёҳат мақсадида Москва томон йўл олган эдим. Шу сабабли, дарров Россия марказида бўлиб қолишга кўнгил чопмади. Қозоқ чўллари ва ўтовлари, рус ўрмонларини кўриб кетишни хоҳладим. Таассуротларга тўла, яъни табиат ва янги муҳит уйғунлигини ҳис қилиш ниятида эдим. Бироқ ҳамма нарса мен кутгандек бўлиб чиқмади. Лекин саёҳат «таассуротлар»га тўла бўлгани рост.
Поездда Қозоғистон ҳудудига кирган вақтингизда жиддий «тўсиқлар»га дуч келасиз ва чўнтак кавлашга мажбур бўласиз ёки... Бу ҳолат Қозоғистон ҳудудидан чиқиш вақтида ҳам такрорланади. Йиллар давомида кўп юртдошларимиз қозоқ чегарачи ва полиция ходимларининг қўпол муомаласи ва тамагирлигидан нолишади. Лекин, бу билан расмийларнинг иши йўқ.
Россия Федерациясига кириш вақти эса жуда ҳаяжонли бўлади. Чунки ҳудудга кираётганингизда сизга тақиқ қўйилганми ёки йўқ? Буни махсус аппарат билан ҳужжатингиз асосида текширилади. Айнан шу лаҳза ватандошларимизда қаттиқ ҳадик уйғонади. «Билмасдан биронта қонунни бузиб қўйган бўлсамчи, шу ерни ўзида поезддан тушиб қолсам нима қиламан бу чўлларда? », деган ваҳимали ўй кечади. Қўлида ёш чақалоғи бор оналар ҳам поезддан тушириб юборилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Нима ҳам дердик? Қонун барибир қонун-да.
«Қоғоз асри» қурбонлари
Шундан сўнг, манзилга етиб келдим деб хурсанд бўлаётган мусофир ватандошларимиз учун синовлар энди бошлангани маълум бўлади. Ҳар бир ҳужжат учун белгиланган муддат мавжуд. Ватандошнинг «шўр»и айнан шу муддатлар. Поезддалик вақтингизда сизга миграцион карта берилади. Сўнгра, 7 иш куни ичида бирор жойга жойлашиб, регистрация қилинишингиз лозим бўлади. Агар регистрация қоидаларини бузсангиз, 2 000 рублдан 5 000 рублгача жарима солиниши ва Россиядан чиқариб юборилишингиз мумкин. Бу эса ўз навбатида Россияга киришга 5 йилга тақиқ қўйилишига олиб келади. Регистрация қилинмасдан 1 ойдан ошиқ муддат юрсангиз, 3 йилга тақиқ қўйилиши учун асос бўлади.
Қизиғи шундаки, қонун сиздан ўз вақтида регистрациядан ўтишни талаб қилса-да, буни ўзингиз мустақил қилолмайсиз. Уй эгасининг розилиги керак. Уй эгалари эса одатда бир нималардан хавфсираб, бунга рози бўлишмайди. Шунинг учун кўпчилик муҳожирлар воситачилар орқали 3 000 ёки 4 000 рублга бошқа манзиллар бўйича регистрацияга туришади (ўртача 6 000 рубль 100 долларга тенг) ва ноқонуний яшаш шу ердан бошланади.
Регистрация можаросидан сўнг, ишлаш учун келган ватандошларимиз олдида патент деган қўрқинчли ғов пайдо бўлади.
Ишлаш учун харажат, харажат учун ишлаш
Патент - чет эл фуқаролари учун Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини юритиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат.
Россия ҳудудига кириб келиш вақти миграцион картангизга ёзилади. Агар 1 ой ичида патентга топширилмаса, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида 10000дан 15000 рублгача, жарима тўлаб ҳужжат топширишга ёки чегарага бориб келишга тўғри келади.
Патент олиш учун ягона муассаса Ички ишлар вазирлигининг миграция бошқармаси мурожаат қилинади ва кўплаб талотўплардан ўтиб олинади. Патентга ҳужжат топширганингизда, аввало, 21 000 рубль тўлаш лозим (ҳудудига қараб). Тўловдан сўнг, тиббий кўрикдан ўтасиз, сўнгра рус тили бўйича имтиҳонларни топширасиз.
Бу ташкилотга борганда ҳайрон қолдирувчи ҳолатлар:
- узундан узоқ навбатлар;
- қўриқлаш хизматидагиларнинг ўзбек ва тожик тилларини ўрганиб олгани. «Русча гапирсак тушунмайди, шунинг учун ўзимиз ўргандик», дея изоҳлашади;
- ташкилот атрофида ўзбек миллий таомларини тайёрловчи ошхоналар кўплиги;
- бошқа метро бекатларида эмас, айнан бу ташкилот ёнидаги метро бекатларида турувчи полиция ходимлари ҳаммани текшириш учун тўхтатиши.
Патентга ҳужжат топширилгандан сўнг, энди кутиш даври бошланади... Ишлаш мумкин эмас, лекин дам олиш ҳам ноқулай. Чунки анча вақтдан бери бу ишга катта маблағ сарфлаб, қарз бўлишга ҳам улгургансиз.
Пул топгани келганмисиз ёки сарфлагани?
Орадан 20-25 кунлардан сўнг, патентни оласиз. Энди иш топиш керак, юриш керак. Иш берувчига русча гапириш керак (кўпчилик учун шуниси қийин). Ишни топишга ҳам маълум вақт кетади, лекин бу орада патентнинг навбатдаги ойлик тўлови келиб қолади. Ойлик тўлов ишласангиз ҳам, ишламаган бўлсангиз ҳам тўланиши лозим. Ҳозирда бу тўлов 1 ойга 4500 рубль (ҳудудига қараб).
Энди келинг, бир ҳисоблаб чиқайлик. Битта мусофир юртдошимиз бир ойда патент тўлови (4500), квартирада ижара учун (5000), регистрация ҳар 3 ойда (воситачилар билан 4000), озиқ-овқат ва бошқа харажатлар учун (3000 рублдан 5000 рублгача). Ойликлар эса 25 000 рублдан 40 000 рублгача бўлади, одатда. Ортиб қолувчи даромадни ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг.
«Орзудаги иш»
Ҳозирги кунда МДҲ давлатлари, айниқса, Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун иш ўрни мос тушиши (баъзи ҳудудларда патентда аниқ касб йўналиши кўрсатилади) лозим. Масалан, муҳандислик касби учун патент олинган бўлса-ю, техника билан шуғуллансангиз ҳам, иш ўрни ҳужжатда бошқача кўрсатилган бўлса, бу иш сизга насиб этмайди. Шунингдек, кўплаб лавозимларга фақат Россия ёки Евроосиё иқтисодий иттифоқининг божхона иттифоқига аъзо давлат (Россиядан ташқари, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Беларусь) фуқаролари сўралмоқда.
Ҳамманинг йўриғи ҳар хил. Бу мақола кўпчиликнинг ҳолатидан келиб чиқиб ёзилди. Лекин, шуни аниқ биламизки, бу юртдошларимизнинг бирортаси ватанда бўлишдан кўра, мусофирчилик нонини афзал кўришмайди. Юқоридаги пул ўтказмалари минглаб ватандошларимизнинг уйқусиз тунлари эвазига эканлигини унутмаслик лозим.
Баҳодир Аҳмедов
Мавзуга оид
22:25
Финландияда омон қолиш курсларига ёзилаётган аёллар сони кескин ошди
19:21
FT: Россия юзлаб яманликларни Украинага қарши урушга ёллади. Улар шартнома имзолашга мажбурланмоқда
15:06
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
00:35