Ҳозирги кунда инвестиция жалб қилиш давлат сиёсатининг устувор жиҳатларидан биридир. Негаки, иқтисодиётнинг қон-томирлари ҳисобланган молия ресурслари шаклланиши ва ўсиш суръатлари мамлакат келажагини қайсидир маънода белгилаб беради. Бундай инвестицияларга фақатгина хорижий компаниялар, молия ташкилотлари ва корпорациялар эмас, оддий қишлоқ вакили бўлган усталар, сувоқчи, бетон қуювчиларнинг ҳам ҳиссаси катта. Ахир улар Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея каби хорижий давлатларда қора терга ботиб юбораётган маблағлари ҳам шу мамлакат ҳудудига, иқтисодига кириб келмоқда. Улар юборган пуллар йиғилиб бутун бошли мамлакат иқтисоди учун салмоқли капиталга айланади.
Тома-тома кўл бўлур
Россияда ишлаётган фуқароларимиздан, яъни жисмоний шахслардан ўтказилаётган маблағлар 2018 йилнинг иккинчи чорагининг ўзида 748,8 млн долларни ташкил этди. Кичик сумма эмас. Аммо бу улкан рақамлар ортида улкан меҳнатлар, азоб-уқубатлар-у, кўплаб оилаларнинг ғам ва ҳасратлари ётибди. Келинг, бир инсоннинг турмуш чорраҳаларидаги ташвишлар учун бошидан ўтказиши мумкин бўлган синовларни сарҳисоб қилайлик.
Саргузаштларга тўла поезд

Ҳам ўқиш, ҳам саёҳат мақсадида Москва томон йўл олган эдим. Шу сабабли, дарров Россия марказида бўлиб қолишга кўнгил чопмади. Қозоқ чўллари ва ўтовлари, рус ўрмонларини кўриб кетишни хоҳладим. Таассуротларга тўла, яъни табиат ва янги муҳит уйғунлигини ҳис қилиш ниятида эдим. Бироқ ҳамма нарса мен кутгандек бўлиб чиқмади. Лекин саёҳат «таассуротлар»га тўла бўлгани рост.
Поездда Қозоғистон ҳудудига кирган вақтингизда жиддий «тўсиқлар»га дуч келасиз ва чўнтак кавлашга мажбур бўласиз ёки... Бу ҳолат Қозоғистон ҳудудидан чиқиш вақтида ҳам такрорланади. Йиллар давомида кўп юртдошларимиз қозоқ чегарачи ва полиция ходимларининг қўпол муомаласи ва тамагирлигидан нолишади. Лекин, бу билан расмийларнинг иши йўқ.
Россия Федерациясига кириш вақти эса жуда ҳаяжонли бўлади. Чунки ҳудудга кираётганингизда сизга тақиқ қўйилганми ёки йўқ? Буни махсус аппарат билан ҳужжатингиз асосида текширилади. Айнан шу лаҳза ватандошларимизда қаттиқ ҳадик уйғонади. «Билмасдан биронта қонунни бузиб қўйган бўлсамчи, шу ерни ўзида поезддан тушиб қолсам нима қиламан бу чўлларда? », деган ваҳимали ўй кечади. Қўлида ёш чақалоғи бор оналар ҳам поезддан тушириб юборилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Нима ҳам дердик? Қонун барибир қонун-да.















