Жаҳон | 11:26 / 04.11.2018
24695
2 дақиқада ўқилади

Порошенко Эрдўғанга Донбассга турк ҳарбийларини жўнатишни таклиф қилди

Фото: РИА Новости

Украина президенти Пётр Порошенко Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Истанбулдаги учрашувда унга турк ҳарбий контингентини Донбассдаги тинчликпарвар миссия таркибига киритиш таклифини билдирди.    

“Мен жаноб президентга мулоқотимизни фаоллаштиришни, жумладан БМТ Хавфсизлик кенгаши мандаати бўйича тинчликпарвар қўшинларни жойлаштириш борасидаги қарорни қўллаб-қувватлашни таклиф қилдим. Биз Туркияга ишонамиз ва Туркия Донбассда ўз тинчликпарвар миссиясини жойлаштириш орқали тинчлик ўрнатишда иштирок этса, хурсанд бўлардик”, деб айтган Порошенко.

Бундан ташқари, Порошенко Эрдўған билан Россиядаги сиёсий маҳбусларни озод қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олган. “Биз Туркия ва шахсан жаноб президентнинг сиёсий маҳбусларни озод қилишдаги ёрдамини юқори баҳолаймиз. Қрим ва Россияда ноқонуний ушлаб турилганлар бўйича келишиб олдик, сиёсий маҳбусларни озод этиш жараёнини давом эттиришдаги ҳамкорликни давом эттирамиз”, деб айтган Украина президенти. 

Эрдўған қўшма брифингда турк қўшинларининг Донбассга жўнатилиши мумкинлигини эслаб ўтмаган. Шу билан бирга у Туркия Қримнинг Россияга қўшилиб олинишини тан олмаслигини таъкидлаб ўтган. 

Шунингдек, Туркия президенти брифингда 10-11 ноябрда Биринчи жаҳон уруши якунланганининг юз йиллиги муносабати билан тадбирлар ўтадиган Парижда Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашишни мўлжаллаётганини маълум қилган.

Мавзуга оид