Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Bloomberg: Путин урушни йил охиригача якунламоқчи, аммо ўз шартлари асосида
Кремл эса дедлайн йўқлигини маълум қилди.
Фото: Россия ФВВ / РИА Новости / Profimedia
РФ президенти Владимир Путин урушни 2026 йил охирига қадар якунламоқчи, аммо фақат ўзи ғалабали деб ҳисоблайдиган шартлар асосида, деб ёзмоқда Bloomberg манбаларга таяниб.
Бу шартлар Донбасс устидан тўлиқ назоратни, шунингдек, Россиянинг ҳудудий ютуқларини амалда тан оладиган Европа билан кенг қамровли хавфсизлик шартномасини ўз ичига олади.
Bloomberg манбалари яна қуйидагиларни айтишган: Кремлдаги айрим юқори мартабали мулозимлар можаро боши берк кўчага кириб қолган ва уни ҳал қилишнинг аниқ йўли йўқ, деб ҳисобламоқда. Россия элитасининг кўплаб вакиллари Украинанинг фронт чизиғидан узоқда жойлашган шаҳарларга зарбалари туфайли россияликлар орасида кучайган «асабий кайфият» ва урушдан чарчашни баҳам кўришади.
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Bloomberg учун берган изоҳида Путин урушни якунлаш учун ҳеч қандай муддат белгиламаганини айтган.
Сўнгги ҳафталарда Украина дронлари Россиянинг чегарадан юзлаб километр масофада бўлган нишонлари бўйлаб тез-тез зарба бермоқда. Асосий нишонлар – нефтни қайта ишлаш заводлари; бундай нишонларга ҳужумлар оқибатида кучли ёнғинлар чиқмоқда. Reuters май ойи ўрталарида ҳужумлар Россиянинг марказий қисмидаги деярли барча нефтни қайта ишлаш заводлари (мамлакатда ишлаб чиқариладиган жами нефт маҳсулотларининг тўртдан бир қисми шу корхоналарга тўғри келади) фаолиятига жиддий зарар етказганини ёзиб чиққанди. Дронлар мунтазам равишда турар жойлар ва бошқа фуқаролик объектларига ҳам келиб урилмоқда, бу эса тинч аҳоли орасида қурбонларга сабаб бўлмоқда.
Бу фонда Владимир Путиннинг рейтинги пасайиб бормоқда. Россиянинг етакчи социологик марказларидан бири бўлган «Обшественное мнение» фонди (ФОМ)нинг янги сўровномаси кўрсатишича, респондентларнинг 14 фоизи Путиннинг фаолиятини «ёмонроқ» деб баҳолашини билдирган – бу сўнгги бир йилликдаги максимал кўрсаткичдир. Таққослаш учун, 2025 йил майида бундай деб ҳисобловчилар улуши 6-7 фоиздан ошмаган.
Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига 21 май куни Украина-НАТО Кенгашининг норасмий йиғилишида урушда бурилиш нуқтаси юз бергани ва Москвага босим кучайиб бораётгани ҳақида фикр билдирди. «Украина мудофаани ушлаб турибди ва Россиянинг сон жиҳатдан устунлиги энди ҳал қилувчи омил эмас», – деди у.