Ўзбекистон | 20:00 / 06.11.2018
46676
2 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлиги мактаб автобуслари ҳақидаги хабарларга аниқлик киритди

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги айрим интернет нашрларида мамлакатимизнинг барча мактаблари 2019 йилнинг 1 январигача автобуслар билан таъминланиши ҳақидаги хабарларга аниқлик киритди.

«Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилган эди.

Мазкур йиғилишда 2019 йил 1 январгача жойлардаги мактаб филиалларини асосий мактабга айлантириш вазифаси қўйилди. Асосий мактаб ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлмаган жойларда эса, ўқувчиларнинг асосий мактабга боришлари учун автобус хизматлари йўлга қўйилиши масаласини ўрганиб чиқиш кераклиги таъкидланди. Бу ташаббус қишлоқ болаларини ҳам яхши шароитларда ўқишини таъминлаш ўқувчилар узоғини яқин қилишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тизимида 9,6 мингдан зиёд мактаблар фаолият юритади ва уларнинг барчасини икки ойда автобуслар билан таъминлаш имконияти мавжуд эмас. Шунинг учун бу масала биринчи навбатда энг зарур бўлган узоқ жойлардаги мактаблар учун кўзда тутилади», деб ёзади Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати.

Бундан олдинроқ «Халқ Сўзи.онлайн» президент раислигидаги йиғилишда ҳудудлар талабидан келиб чиқиб, лицей ва коллежларнинг бўшаган биносини жорий йил охирига қадар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказиш, 2019 йил 1 январгача жойлардаги мактаб филиалларини асосий мактабга айлантириш, мактаб автобуслари билан тизимли таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилгани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид