23:08 / 07.11.2018
8946

Ливиялик маршал Ҳалифа Хафтар Россияга келди

Фото: РИА Новости / Владимир Астапкович

Ливиялик маршал Ҳалифа Хафтар Москвага келди ва Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашди. Бу ҳақда Al Wasat портали маълум қилди. 

Портал маълумотларига кўра, Шойгу ва Хафтар Ливия инқирозини ҳал қилиш йўллари ва террорчиликка қарши курашни муҳокама қилишган. Хафтар, шунингдек, россиялик амалдорлар билан Ливия ва халқаро майдондаги воқеаларни ҳамда икки томонлама муносабатларни муҳокама қилмоқчи. 

Хафтар Ливия шарқида жойлашган миллий армияга қўмондонлик қилади ва Триполида амал қилувчи миллий келишув ҳукуматини қўллаб-қувватламайди. Армияга Ливия шарқидаги парламент ва муваққат ҳукумат иттифоқдош ҳисобланади.  

Хафтар аввалроқ Палермода 12-13 ноябрда ўтадиган, Ливиядаги вазиятни тартибга солиш бўйича халқаро анжуманда иштирок этишини тасдиқлаганди. 

Айни вақтда Ливияда икки ҳокимлик ўрнатилган бўлиб, шарқда халқ томонидан сайланган парламент, ғарбда – пойтахт Триполида эса БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида шакллантирилган, Фаёз Саррож бошчилигидаги миллий келишув ҳукумати фаолият юритади. Мамлакатнинг шарқий қисми Триполидан мустақил равишда сиёсат олиб боради ва жангариларга қарши жанг олиб бораётган Хафтар бошчилигидаги миллий армия билан ҳамкорлик қилади. 

 

Top