Жаҳон | 10:17 / 07.11.2018
11710
2 дақиқада ўқилади

Полициячилар ўғирлаб кетилган 150 минг долларлик протез қўлни эгасига қайтаришди

Фото: Reddit

АҚШнинг Бойнтон-Бич шаҳри полициячилари Крис Руден исмли шахснинг автомобилидан ўғирлаб кетилган, қиймати 150 минг доллар турувчи бионик қўлни топиб, уни эгасига қайтаришди. Протез қўлни топган полициячилар эса “Реддит” портали “юлдузларига” айланиб кетишди.

Руден жисмоний нуқсон билан дунёга келган – унинг чап қўли ўнг қўлидан қисқароқ ва унда бор-йўғи иккита бармоқ ривожланган. Йигит ушбу нуқсонидан тушкунликка тушмай, ҳаттоки уни ўзининг устун томонига айлантирган – у мотивацияловчи нотиқ бўлиб ишлайди ва ногиронликка эга бошқа одамларни қўллаб-қувватлайди. Крис юқори технологик сунъий қўлни бир йил аввал олган. 

Бундай қўлнинг нархи 150 минг доллар туради, ногирон одамлар учун эса бебаҳодир. Бироқ афсуски, буни тушунмайдиганлар ҳам топилиб, бир неча кун аввал номаълум кимсалар протез қўлни Криснинг машинасидан ўғирлаб кетишган. Йигит дарҳол полицияга мурожаат қилган ва тез орада қўл йўл четидаги буталар орасидан топилган. Кўринишича, жиноятчилар бировнинг протез қўлини сотолмасликларини англаб етиб, ундан қутулишни маъқул кўришган.

Протез қўлга кичик шикаст етган, ундаги жимжилоқ синган. Бироқ Крис шунга қарамай, қўли топилганидан хурсанд бўлган, чунки бу қўл унга ижтимоий дастур доирасида теккан ва унинг ўзи уни сотиб олишга қурби етмасди. Криснинг севган ёри унинг полициячилар билан тушган суратини Reddit’да жойлаштирган ва сурат 100 мингдан кўпроқ лайк тўплаган. 

Мавзуга оид