Иқтисодиёт | 21:37 / 16.11.2018
18462
8 дақиқада ўқилади

​Савдо-саноат палатаси: ихтиёрий аъзоликми ёки...?

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ тадбиркор фаолият юритади. Жуда катта рақам. Ташқаридан қараганда, шунчалик кўп ишбилармонлари бор юртда бизнес ҳам гуллаб-яшнаса керак, ҳойнаҳой, деб ўйлашса ажабмас. Уларни бирлаштириб турадиган ягона ташкилот ҳам бор. Республика Савдо-саноат палатаси. 

Ушбу палата тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини янги босқичга кўтаришда қандай ишларни амалга оширмоқда? Умуман олганда, Савдо-саноат палатаси бизнес вакиллари ишончини оқлай олмоқдами? Аслида, эшик ортида нима борлиги кўпчилик учун қизиқ.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ва бизнес доира вакиллари орасида палатага пуллик мажбурий аъзолик тартиби кучга киргани, бу эса тадбиркорлар манфаатига зид экани тўғрисида турли мулоҳазалар билдирилди.

Аъзолик палатага ҳамда тадбиркорлар учун қай жиҳатдан манфаатли ёндашув?

Республика Савдо-саноат палатаси биринчи ўринбосари Ислом Жасимовнинг айтишича, «палатага аъзолик ташкилот учун жуда долзарб масала ҳисобланади, чунки тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш ва яна бошқа қатор ҳаракатлар моддий манбага бориб тақалади». 

«Ишбилармон соҳа вакилларининг палата аъзолиги учун амалга оширадиган тўловлари асосий молиявий манбамиз ҳисобланади. Ҳукумат ва бошқа ташкилотлардан ёрдам олишга ҳақимиз йўқ. Халқаро миқёсда олиб қараганда, бошқа мамлакатларда тадбиркорлар уюшмалари нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида ўз-ўзини молиялаштиради. Биз ҳам ушбу анъанага содиқ ҳолда, ҳар тарафлама мустақил бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Тадбиркорлик соҳаси иқтисодиётни барқарорлаштирувчи куч сифатида давлат органлари назоратидан холи бўлиши керак», - дейди у. 

Жорий йилнинг 9 июлида «Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ва 10 октябрда кучга кирди. Қонуннинг 17-моддасида «палатага аъзолик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса мажбурийдир», деган банди мавжуд.

Ислом Жасимов​ «ҳеч қайси тадбиркор аъзоликка мажбурламагани»ни айтиб, қонун кучга киргандан кейин атиги 5 нафар тадбиркор ихтиёрийлик асосида палатага аъзо бўлганини айтди.

Қонун кучга кирди. Энди нима бўлади? Тадбиркорлар манфаати қай даражада ҳимоя қилинади? Уларга палатанинг қандай фойдаси бор, дея ишончсизлик билдираётганлар талайгина. Мажбурий аъзолик белгиланди. Бу қайсидир маънода ишбилармонларни қўрқитаётгани рост. Палата фаолияти ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун раис ўринбосарлари Ислом Жасимов ва Ўткир Бўтаевга яна қўшимча саволлар билан мурожаат қилдик. 

Статистик рақамларнинг далолат беришича, Савдо-саноат палатасига шу кунга қадар атиги 12 минг нафар тадбиркор аъзо бўлган. Улардан 2 минг 60 нафардан ортиғи йирик корхоналар эгалари ҳисобланади. 

Жасимовга кўра, айни чоғда фақат йирик тадбиркорларни палатага жалб қилиш чора-тадбирларини кўриш керак, чунки улар кичик бизнес вакилларига қараганда иқтисоди ва молияси анча бақувват. Шунинг учун ҳар йилги бадаллик тўлов (ЭКИҲнинг 100 баравари)ни амалга оширишга қурби етади. 10 октябрда кучга кирган Қонунга мувофиқ атиги 5 нафар йирик корхона ихтиёрий равишда палатага аъзо бўлган. Фақат ЯТТ ва кичик бизнес субъекти вакиллари учунгина аъзолик ихтиёрий бўлиб, йилига ЭКИҲнинг бир баравари миқдорида ҳақ тўлашлари лозим.

Палата учун тўланадиган пул нима мақсадда сарфланади?

Савдо-саноат палатаси нодавлат-нотижорат ташкилот бўлиб, ўз-ўзини молиялаштиради. Тадбиркорлар ва ҳомийлардан келган маблағлар вилоят, туман марказларида ташкил этилган тадбиркорликка кўмаклашиш марказларини (ТМК) ривожлантиришга сарфланади. Шунингдек, ходимларга ойлик маош бериш, тадбиркорларни хорижда ўқитиш, уларга юридик хизматни ташкил қилиш ва бошқа шу кабилар палата ҳисобидан амалга оширилади.

Тадбиркор: палатага аъзо бўлсам, қандай имкониятларга эга бўламан?

Ҳақли савол. Энг аввало, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, икки тадбиркор ўртасида келишмовчилик бўлганда медиация усулини қўллаш ваколатига эга, судда тадбиркор номидан қатнашади, маҳсулотини экспорт қилмоқчи бўлган тадбиркорларга харидор топишда ва халқаро шартномаларга кўмаклашади, бўш ётган ҳудуд ва бинолардан фойдаланиш масаласида амалий чоралар кўрилади. Энг қувонарлиси, Савдо-саноат палатаси хорижлик тадбиркорлар дуч келган муаммоларни ҳал қилиш учун халқаро арбитраж судини ташкил қилиш ҳуқуқига ҳам эга.

Тадбиркор Анвар Юсупов ташкилотга охирги марта 2015 йилда мурожаат қилган. Нодавлат таълим муассасаси сифатида ДТМдан лицензия олиш учун ариза топширган тадбиркор жараённинг белгиланган 1 ойдан ҳам чўзилиб кетганидан сўнг, палатага мурожаат қилган. 

«Савдо-саноат палатасидан бу масалани ижобий ҳал қилиб беришларини сўраганимда, бу ерда ҳам сансалорликка дуч келдим. Яна бир жиҳат: аъзолик бадали суммаси жуда юқори. Қонунга кўра, мажбурий аъзолик белгиланди. Буни қўллаб-қувватламайман, чунки бу солиққа ўхшаб мажбурий қилиниши керакмас», дейди у.

Тадбиркор Гулбону Набиева эса Савдо-саноат палатаси тадбиркорларга турли масалаларда кўмаклашувчи нодавлат ташкилот сифатида билади. 

«Масалан, палата хорижий тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш, ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Шунингдек, палата орқали виза олиш, уни расмийлаштириш масалалари сайёҳлик фирмасидан кўра тез ва арзон нархда амалга оширилади. Яна бир афзаллиги, тадбиркорлар ўртасидаги низоларни медиация йўли билан ҳал қилиб бермоқда. Ушбу ташкилот давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатда кўприк вазифасини бажариш, тадбиркорларни ўқитиш бўйича фаоллик кўрсатяпти», деб фикр билдирган Набиева.

Бироқ, айрим тадбиркорлар 10 октябрда кучга кирган қонун ва унинг мазмунидан бехабар. 

Яна суҳбатга қайтамиз. Вакиллар билан бўлган учрашувда хорижда савдо-саноат палатаси фаолияти ҳақида гапирилди. Масалан, Туркия, Қозоғистон, Греция ва Германияда жисмоний ёки юридик шахс тадбиркорлик рўйхатидан ўтган заҳоти савдо-саноат палатасига аъзо қилиниши таъминланади. Бу билан барча тадбиркорлар бирдай қонун ҳимоясига олинади. Аъзолик тўлиқ шаклга ўтиб бўлган. 

Бизда эса қисман: мажбурий ва ихтиёрий аъзолик турлари қўлланилмоқда. Палата раҳбарияти чет эл тажрибасини ўз фаолиятига тўлиғича татбиқ қилиш ниятида. Бунга қандай эришиш мумкин? Энг аввало, Савдо-саноат палатаси ўз фаолиятини кенг жамоатчилик, айниқса, ишбилармонларга етказишда аниқ режа ишлаб чиқиши керак, яъни пиар бўйича алоҳида штат ишлаши лозим. Тадбиркорларнинг катта қисми палата ҳақида деярли маълумотга эга эмас. Улар ушбу ташкилот таркиби (раҳбарият) ўзгарганини ҳис қилишлари даркор. Керак бўлса, бизнес доира вакилларини бир жойга йиғиб, махсус семинар-тренинг, тақдимотларни ташкиллаштириш, ОАВ билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш назарда тутилиши лозим. Айнан ахборот қобиғининг пайдо бўлиши ва фаолият ҳақида батафсил маълумот тарқатишга ҳам пул керак, яъни масала айланиб аъзолик ҳамда унинг ортидан тушадиган тўловга бориб тақалмоқда.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид