Тошкентда ўсмир қизлар ўртасида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича жаҳон кубоги мусобақаси бошланди. Унда 14 мамлакатдан 53 нафар спортчи иштирок этмоқда.
Бугун Ўзбекистон гимнастика федерациясига қарашли «Универсал» спорт саройида турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир куй-қўшиқлар ва ёш қиличбозлар иштирокидаги кўргазмали чиқишлар билан бошланди. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янграгач, мусобақа расман очиқ деб эълон қилинди.
Очилиш маросимида Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва мамлакат спорти раҳбариятининг бошқа вакиллари иштирок этди.
Мазкур жаҳон кубоги қимматли рейтинг очколарини тақдим этиши билан аҳамиятлидир. Яккалик баҳсларида ғолибликни қўлга киритган спортчи 32, жамоавий беллашувларда ғолиб бўлган терма жамоа эса 64 рейтинг очкосини қўлга киритади.
Бугун яккалик баҳслари бўлиб ўтди. Эртага эса жамоавий беллашувлар ташкил қилинади.