Россияни тарк этган қиличбозлар АҚШ шарафини ҳимоя қилмоқчи
Сергей ва Виолетта Бида, шунингдек, Россия олимпия қўмитаси раҳбарининг собиқ куёви Константин Лоханов Америка фуқаролигини олмоқчи.
Украинага ҳужум муносабати билан Россиядан чиқиб кетган уч нафар қиличбоз – Константин Лоханов ҳамда Сергей Бида ва Виолетта Бида Америка фуқаролигини олиш учун ариза топширди. Сергей Бида ва Константин Лоханов 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида АҚШ номидан қатнашмоқчи. Бу ҳақда 12 январ, жума куни USA Today Sports онлайн-нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, спортчилар Қўшма Штатлар Олимпия ва Паралимпия қўмитаси (United States Olympic & Paralympic Committee, USOPC), шунингдек, АҚШ қиличбозлик ассоциацияси (USA Fencing) томонидан қўллаб-қувватланган. USA Today руслар учун иккала ташкилот томонидан берилган кафолат хатларининг нусхаларига эга.
Нашр USA Fencing бош директори Фил Эндрюснинг АҚШ Конгрессига мурожаатидан иқтибос келтиради: «Учаласи ҳам катта шахсий харажат эвазига қурбонлик қилди ва ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, мамлакатимиз вакили бўлмоқчи. Уларни бу фавқулодда ҳолатда қўллаб-қувватлаш учун барча саъй-ҳаракатларни кўришга чақираман».
Бидаларга қарши жиноий иш
Айни пайтда, The Insider онлайн-нашри эслатишича, Россияда Сергей ва Виолетта Бидага нисбатан жиноий иш очилган ва улар қидирувга берилган. Бунга Сергей Биданинг расмий равишда Россия гвардияси офицери ва «Динамо» жамияти аъзоси, Виолетта эса Россия Мудофаа вазирлиги ходими ва ЦСКА армия спорт клуби аъзоси эканлиги сабаб бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди журналистлар. «Медуза» интернет нашрининг хабар беришича, Бидаларга нисбатан ҳарбий қисмни рухсатсиз ташлаб кетиш моддаси бўйича жиноий иш очилган.
2023 йилнинг ёзида қиличбозлар АҚШга кўчиб ўтди ва маҳаллий спорт усталари академияси томонидан қабул қилинди. Биринчи мусобақадаёқ Сергей Бида жамоавий турнирда олтин медални қўлга киритди, деб хабар беради The Insider.
USA Today нашрига берган интервюсида Сергей ва Виолетта Бида Россиянинг Украинага ҳужуми ёки Россия ҳукумати ҳаракатларини муҳокама қилишдан бош тортди. Шу билан бирга, Виолетта Бида ҳомиладорлигини ва шунинг учун Париждаги Олимпиадада қатнаша олмаслигини маълум қилди.
Константин Лоханов Украинага ҳужум бошланишидан бир кун олдин Россияни тарк этди. Америкалик журналистлар билан суҳбатда у бу урушни қоралади: «Улар (Россия расмийлари) урушни одамларни ўлдириш билан бошлади ва буни нормал ҳолат деб қабул қилди».
Лоханов - Россия олимпия қўмитаси раҳбари Станислав Поздняковнинг собиқ куёви ҳисобланади. Спортчи унинг қизи, россиялик қиличбоз София Позднякова билан Россияни тарк этгач ажрашди.
Мавзуга оид
15:35 / 05.11.2024
Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик 5 йилга қамалди
09:50 / 05.11.2024
Россия КХДРга ҳарбий ёрдам учун 600 000 тонна гуруч таклиф қилмоқда
09:30 / 05.11.2024
Россиядаги «ватанпарварлик акциялари» 91 млрд рублга тушди
01:01 / 05.11.2024