11:30 / 18.11.2018
13904

Наманганда ногиронларга уйлар топширилди

Наманган шаҳридаги «Юксалиш» маҳалласида 7 қаватли 14та турар-жой биноси фойдаланишга топширилди.

Ушбу уйлардан 21 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро ва 6 нафар оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизга хонадонлар ажратиб берилди. 

588 хонадондан иборат мазкур бинолар «Ижоз», «Муҳаммадсаид қурилиш», «Сардорбек Арслонбек», «Янгиқўрғон қурилиш-монтаж» каби 10га яқин корхона томонидан қуриб, битказилган. 

«Болаликдан 1-гуруҳ ногирони бўлишимга қарамай, тикувчилик билан шуғулланаман, оиламизга озми-кўпми, нафим тегади. Синглим Наимахонда иккинчи гуруҳ ногиронлиги бор, – дейди янги хонадонлардан бирининг калити ва сертификати топширилган Феруза Муродиллаева. – Ёшим 34 га чиқди, шу пайтгача уйимиз йўқ эди».

Бундан ташқари, Ёшлар иттифоқининг 32 нафар аъзосига уй калитлари, ногиронлиги бор шахсларга 30дан ортиқ ногиронлик аравачалари топширилган.

Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров ва шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов хонадонларга кириб, ногиронлари бор хонадонларга Артел телевизорлари совға қилишган.

«Ўзшаҳар қурилиш инвест» инжиниринг компанияси буюртмаси асосида амалга оширилган лойиҳага бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 150 млрд сўм сарфланган.

Айни пайтда ҳудуддаги йўлларни асфальтлаш, умумтаълим мактаби, поликлиника ва маҳалла фуқаролар йиғини идорасини таъмирлаш ишлари давом этмоқда, 385 ўринли болалар боғчаси қурилиши бошланган.

Top