Ўзбекистон | 12:20 / 23.11.2018
15742
3 дақиқада ўқилади

Бошпанасизлар қиш изғиринида қайга боради?

Mover'да кўриш (tas-ix)

Youtube'да кўриш

Эрта келган қиш мавсуми олдидан 3 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги бошпанасиз шахслар учун реабилитация маркази хайрия акциясини ўтказганди. Унда Тошкент мотобайкерлари гуруҳи ҳам кўнгилли равишда фаол қатнашган, акция вақтида яшаш жойи бўлмаган кишиларга уст-бош, иссиқ овқат ва гигиеник воситалар бепул тарқатилганди.

Шу йилнинг 26 апрелида Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 309-сон қарори эълон қилинган. Ҳужжатда кишини бошпанасиз деб топиш учун у бир йўла 4та мезонга тўғри келиши шартлиги белгиланган:

- 18 ёшдан ошган бўлиши;
- шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари (паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий билет ва бошқалар) бўлмаслиги;
- бирор манзилда вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаслиги ёхуд яшаш жойи бўйича ҳисобда турмаслиги;
- ғайриижтимоий хулқ-атворли, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлиши.

Бошпанасизларга ёрдам бериш борасида Ўзбекистонда ҳам амалий ишлар секин-аста ижобий томонга ўзгармоқда. Дастлаб Тошкент шаҳар ИИББ ва Андижон ИИБ ташаббуси билан жазирама ёз ойларида бошпанасиз инсонларга ёрдам берилганди.

Маълумотларга кўра, айни дамда Яшнобод тумани Баратхўжа 3-манзилида жойлашган марказ фаолиятига хайрихоҳ одамлардан кўп мурожаатлар келиб тушмоқда, улар марказдаги ёрдамга муҳтож кишиларга қандай қилиб кўмак кўрсатишлари мумкинлигига қизиқишмоқда.

Агар бошпанасиз ва ҳеч бир ҳужжатсиз кишини учратиб қолсангиз ёки Реабилитация марказига хайрия учун кийимлар, гигиена воситалари, узоқ муддатли яроқлиликка эга озиқ-овқат маҳсулотлари, китоблар тақдим этмоқчи бўлсангиз, ҳудудингиздаги профилактика инспекторига, 102 рақамига ёки Марказ вакилларининг қуйидаги рақамларига мурожаат қилишингиз сўралади: +998983670708, +998983660107.

Урбанизация ривожланган ва ривожланиб бораётган шаҳарларда бошпанасиз ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар сонининг ошиб бориши ўша ҳудуддаги криминоген атмосферага таъсир кўрсатади.

Бутун дунёда бошпанасизлар асосан шаҳар кўчаларида, кўприклар остида картон қутилар ёки чодирларда яшайди.

БМТнинг бошпанасизлар ҳуқуқлари масаласи бўйича махсус воизи Лайлани Фарҳа муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар ҳақида шундай деганди: «Бошпанасиз инсонлар жуда кучли айирмачилик ва босимга учрашади. Ҳатто уларни бошпанасизлиги учун жиноий жавобгарликка тортишга ҳам чақириқлар бўлади. Бошпанасизлар яшаш учун курашадилар, бунинг учун эса улар жиноий жавобгарликка тортилади».

Ҳисоботда келтирилишича, дунё шаҳарларида яшовчи аҳолининг чорак қисми – 883 миллион киши норасмий тураржойларда яшайди, шундан 520 миллиони айнан Осиё қитъасига тўғри келади. Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида ҳам доимий тураржойга эга бўлмаган инсонлар шаҳар аҳолисининг катта қисмини ташкил этади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид