2018 йил Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан пойтахтимизнинг Яшнобод туманида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реалибилитация қилиш маркази, яъни “Меҳр-саховат уйи” ташкил қилинган. Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги ушбу марказ яқиндагина қайта таъмирдан чиқди, айни вақт у ерда 100 нафардан зиёд бошпанасиз фуқаролар кийим-кечак, озиқ-овқат, зарурат бўлса дори-дармонлар билан таъминланмоқда.

Саховат уйи икки блокка, эркаклар ва аёллар дам олиш хоналарига ажратилган. Муассасада яшовчиларга чўмилиш хоналари, ошхона ҳамда бўш вақтларини унумли ўтказишлари учун кутубхона ҳам ташкил қилинган.
“Бу ерда истиқомат қилаётган инсонларнинг ҳужжатларида, масалан, паспорти, пенсия ҳужжатларида муаммоси бўлиши ҳам мумкин, шундай ҳолатлар учрайди. Бу каби масалалар ИИВ тегишли идоралари билан ҳамкорликда бартараф этилмоқда”, – дейди ИИББ жамоат тартибини сақлаш бошқармаси махсус қабулхона бошлиғи ўринбосари Завқий Дўстмуродов.

ИИББ ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Мадиеванинг айтишича, марказда яшовчиларнинг сони ўзгарувчан.
“Боиси, бу ерда ҳеч ким мажбуран ушлаб ўтирилмайди, фуқаролар эркин келиб-кетиши мумкин.
Ёпиқ ҳудуд эмас, эшикларимиз доим очиқ, иши бор бўлса, ишлагани чиқишлари ҳам мумкин, истаган одам келиши ёки кетиши мумкин, эшикларимиз доим очиқ туради. Қиш мавсумида марказга келувчилар сони ортади, 400-500 нафаргача ҳам чиқиши мумкин. Карантин вақтида 1 минг 500 нафар одам келган вақтлар ҳам бўлди.
Ҳозир мана шу фуқароларимизнинг яшаши учун шароитлар яратилди, қўшимча равишда яна битта бино қуриш ҳам режамизда бор”, – деди у.





















