18:48 / 23.11.2018
14040

Хусусий бандлик агентликларини рўйхатга олиш бўйича сайт ишга тушди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги reestr.mehnat.uz сайтини ишга туширди. Сайт орқали онлайн тартибда хусусий бандлик агентликлари реестри ва Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолият юритиш учун лицензия олишга ҳужжатлар ҳавола этиш каби икки хил турдаги хизматдан фойдаланиш мумкин.

2018 йил 17 октябрда президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги  қонунга мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича давлат монополияси тугатилди. Эндиликда мазкур фаолият тури билан хусусий ташкилотлар ҳам шуғулланиши мумкин. 

Қонунда, шунингдек, фуқароларни Ўзбекистон ҳудудида ёки ташқарисида ишга жойлаштириш бўйича амалга ошириладиган ҳар қандай фаолият учун хусусий бандлик агентликларини рўйхатдан ўтказиш ва reestr.mehnat.uz сайти орқали реестрга киритиш зарурлиги назарда тутилган. Таъкидлаш жоизки, хусусий бандлик агентликлари номланишида “XUSUSIY BANDLIK AGENTLIGI” сўзлари бўлиши керак.

Агарда хусусий бандлик агентликлари Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланадиган бўлса, reestr.mehnat.uz сайти орқали лицензия олиши, лицензия олиш учун ҳужжатларни топшириши зарур. 

Лицензия олиш шартлари Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида 50 минг АҚШ долларини захиралаш ҳамда штатда камида икки нафар ходимнинг бўлиши каби талаблардан иборат. Хусусий бандлик агентлиги устав фондининг энг кам миқдори белгиланмаган.   

Қонуннинг қабул қилиниши ишга жойлаштириш, шу жумладан, меҳнат миграцияси бўйича хизмат кўрсатадиган бозорни тартибга солишга, хусусий секторлар учун янги имкониятлар яратишга, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида ва ташқарисида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган. 

Top