Жаҳон | 07:50 / 06.08.2025
1449
2 дақиқада ўқилади

Латвия Россия пропагандаси бўлган яна 10 та сайтни блоклади

Латвияда 2022 йилдан бери блокланган ташвиқот мазмунига эга веб-сайтларнинг умумий сони 400 дан ошади, биргина жорий йилнинг ўзида 88 саҳифага нисбатан бундай қарор қабул қилинган.

Фото: Karen Bosma-Winnubst/Shutterstock

Латвия Миллий электрон оммавий ахборот воситалари кенгаши (NEPLP) Россия ташвиқотини тарқатувчи яна қатор веб-сайтларга киришни блоклади. Ушбу манбаларнинг мазмуни Латвия миллий хавфсизлиги манфаатларига зиддир, чунки у Россиянинг Украинага қарши урушини оқлайди ва Россиянинг хорижий ҳудудларни босиб олганини улуғлайди, шу орқали Россия ҳукуматига ахборот ёрдамини кўрсатади, деб хабар берди Latvijas Radio.

Радиостанцияга берган интервюсида NEPLP аъзоси Иева Калдерауска Латвия 2022 йилдан бери Россия пропагандаси бўлган веб-сайтларга киришни чеклаб қўйганини, 413 та портал аллақачон блокланганини эслатди. Жорий йил бошидан буён 88 та интернет саҳифасига нисбатан шундай қарор қабул қилинган.

«Ушбу веб-сайтлардаги маълумотлар турлича. Булар асосан мақолалар — гўёки нима бўлаётганини тушунтириб берадиган, лекин аслида урушни оқлайдиган матнли материаллар. Шунингдек, армияга бориш ва Украинага жангга боришга чақириқларни жойлаштирган веб-сайтлар ҳам бор», деб тушунтирди Калдерауска. Блоклаш тўғрисидаги қарор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан маслаҳатлашганидан кейин қабул қилинади.

NEPLP ҳисоб-китобларига кўра, блокировка қилинмаса, тарғибот мазмунини ойига 40 мингдан 68 минггача одам кўради. Блокланган веб-сайтларга ойига ярим миллион мартагача ташриф буюрилади.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид