Жаҳон | 08:00 / 26.11.2018
47460
2 дақиқада ўқилади

Россия Украинанинг учта ҳарбий кемасини ушлади. Кемаларни тўхтатиш учун қурол қўлланди

Фото: navy.mil.gov.ua

Қора денгизда Россия чегарасини бузишда айбланган Украина ҳарбий-денгиз кучларининг учта кемаси тўхтатилди. Уларни тўхтатиш учун қурол қўлланган. Бу ҳақда Федерал хавфсизлик хизматида маълум қилинди. 

“25 ноябрь эрталаб Россия чегарасини бузган “Бердянск”, “Никополь” ва “Яни Капу” кемалари соат 19:00да Россия денгиз ҳудудида навбатдаги ноқонуний ҳаракатларни амалга оширди. Кемалар Россия чегара хизмати ва Қора денгиз флоти кема ва катерларининг дарҳол тўхташ ҳақидаги талабларига жавоб бермаган ва хавфли ҳаракатларни амалга оширган”, дейилган хабарда.

“Кемаларни тўхтатиш учун қурол қўлланган. Натижада Россиянинг Қора денгиздаги сув ҳудудларида барча уч кема ушланган. Украина қуролли кучларининг 3 нафар яраланган ҳарбийсига тиббий ёрдам кўрсатилган”, деб қўшимча қилинган ФХХда. 

Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Воқеа ФХХ Украинанинг учта кемаси Керчь бўғози яқинида Россия чегарасини бузишда ва талабларга бўйсунмасликда айблагандан кейин юз берди. ФХХда ушбу ҳаракатлар иғво деб аталган. Украина томони эса кемалар Одессадан Мариуполга қонуний асосларда йўл олаётган бўлганини айтган. Воқеадан кейин Керчь бўғози ёпиб қўйилиб, Қримдан ушбу ҳудудга Россия ҳарбий авиацияси жўнатилган.

Украина Қримнинг ва унинг атрофидаги сув ҳудудларининг Россияга тегишли эканини тан олмайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид