19:40 / 26.11.2018
84655

Ўзбекистонликлар Россия ва АҚШдан ташқари яна қаерларни «забт этишган»?

Ўзбекистонликларнинг турли хорижий давлатларда меҳнат қилиши одатий ҳолга айланганига анча йиллар бўлди. Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея каби давлатларда жуда кўпчилик юртдошлар турли соҳаларда фаолият юритишмоқда. Аммо бугун эътиборингизга ўзбекистонликлар қадами етиб борган бошқа давлатлар ҳақида ҳам сўзлаб бермоқчимиз.

Маълумот учун: 2000 йилдан буён дунёда муҳожирлар сони икки баробар ортган ва ҳозирги кунга келиб ўз юртидан ташқарида ишлаётган инсонлар сони расман (!) 260 миллион кишидан кўпроқ. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Ўзбекистонлик муҳожирлар энг кўп йўл олувчи давлатлар бешлиги қуйидагича: Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия ва АҚШ.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг анъанавий йўналишларини юқоридагича. Аммо бугун ишлаш мақсадидаги ўзбекистонликларнинг қадами етмаган давлатлар саноқлигина қолган. Бугун шулардан айримларини санаб ўтамиз.

Европа қитъасидаги давлатлар

Кўҳна қитъанинг ҳар бир давлатида ўзбекистонлик муҳожирлар бор ва улар сони анчагина. Бу борада етакчилик Буюк Британия, Германия, Франция ва Польша каби давлатларда. Бундан ташқари, сўнгги йилларда Чехия, Скандинавия давлатлари ва Испанияга қизиқиш ортиб бормоқда. Нолинчи йилларда жуда кўпчилик қўним топган Португалия ҳозир ўзбекистонлик муҳожирлар қизиқиш доирасидан чиққан. Шунингдек, собиқ иттифоқ давлатларидан бўлган Латвия ва Литва ҳам мослашув осонлиги учун кўпчиликни қизиқтиради.

Ўзбекистонлик муҳожирлар бу давлатларда асосан хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритишади.

Хитой

Бир қарашда 1,5 миллиард аҳолиси бор Хитойда ўзбекистонлик муҳожир қиладиган иш йўқдек. Қолаверса, Хитойда ишлаш ҳуқуқини олиш анчагина мураккаб жараён. Шунга қарамай, Хитойда ўзбекистонликлар жуда кўп. Уларнинг аксарияти сайёҳ мақомини сақлаб қолган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланишади. Асосий фаолият йўналишлари Ўзбекистондаги буюртмаларни шакллантирган ҳолда Хитойдан ускуналар ва харидоргир маҳсулотлар жўнатишдан иборат.

Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари

Бу давлатлар орасида ўзбекистонлик муҳожирлар энг кўп йўл оладиганлари Таиланд, Малайзия ва Индонезиядир. Таиландда ўзбекистонликлар асосан туризм соҳасида, унинг ҳам бир йўналиши – Марказий Осиёдан сайёҳларни жалб қилиш ҳамда маҳаллий аҳолини Марказий Осиё давлатларига йўналтириш билан шуғулланишади.

Малайзия ва Индонезияда эса ўзбекистонликлар асосан хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик соҳаларидан пул топишади.

Араб мамлакатлари

Бу давлатлар орасида етакчилик Бирлашган Араб Амирликларида. Ўзбекистонликлар бу давлатда савдо, туризм, умумий овқатланиш, транспорт каби соҳаларда хизмат қилишади. Кейинги ўринда турувчи Ямандаги ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги тиббиёт хизматчилари – шифокорлардир. Қизиғи шундаки, бу давлатдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳам шифокорларни ортга қайтишга мажбур қила олмаган.

Саудия Арабистонида ҳам шифокорлар, дўконлар ва умумий овқатланиш тармоқлари хизматчилари, туризм соҳасида фаолият юритаётган ўзбекистонликлар талайгина.

Яқин Шарқ давлатлари

Бу ҳудуд давлатлари орасида Исроил ва Эрон ўзбекистонлик муҳожирлар энг кўп давлатлар ҳисобланади. Исроилда ўзбекистонликларнинг кўплигига қадимий алоқалар ва Бухоро яҳудийлари деб аталувчи, Ўзбекистонда яшаб кетган яҳудийларнинг ўз танишларини қўллаб-қувватлаши асосий сабабдир. Бу давлатда ўзбекистонлик муҳожирлар асосан хизмат кўрсатиш соҳасида, мураккаб бўлмаган ишларда ишлашади.

Эрондаги ўзбекистонликлар эса тадбиркорлик, транспорт хизматлари ортидан даромад қилишади.

Канада

Бу давлатни кўп жиҳатдан «АҚШнинг иниси» дейишади. АҚШда ўзбекистонлик муҳожирларнинг кўплиги Канадада ҳам ўзбек диаспораси тузилишига туртки бўлган. Бу бепоён давлатнинг барча йирик шаҳарларида минглаб ўзбекистонликлар турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда.

Булар камида минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар фаолият юритаётган давлатлардир. Шунингдек, бугунги кунда Австралияда чорвачилик билан шуғулланаётган (қўй боқаётган), Африканинг Кения давлатида кийим-кечак дўкони очган, Россиянинг Шимолий Қутбдаги музликларда станциясида қурувчилик қилаётган, Японияда сомса ёпаётган ўзбеклар ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, 2018 йилнинг 1-ярим йиллигида хориждан Ўзбекистондаги жисмоний шахсларга пул ўтказмалари 2,3 млрд долларни ташкил этган.

Бунда энг кўп пул Россия Федерациясидан жўнатилган – барча жўнатмаларнинг 77 фоизи.

Қолган давлатлар бўйича эса кўрсаткич қуйидагича:  Қозоғистондан 6 фоиз, Туркия ва АҚШдан 4 фоиздан, Кореядан 2 фоиз, Қирғизистон, БАА, Исроилдан 1 фоиздан. Яна 4 фоиз жўнатма бошқа мамлакатларга тўғри келади.

Маълумот учун: Давлатлараро меҳнат миграцияси меҳнатга лаёқатли инсонларнинг юқори даромадли иш илинжида бошқа давлатга йўл олишидир. Бу кучли иқтисодий омил бўлиб, бир тарафдан ишчиларга бўлган талабни қондирса, иккинчи тарафдан ишсизлик муаммоси оғир бўлган ҳудудлардаги тарангликни юмшатишга хизмат қилади.

Муҳожирлар оқими бўйича юз йиллардан буён АҚШ етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Бу давлатда 50 миллионга яқин муҳожир яшайди ва уларнинг ичида расмий (!) маълумотлар бўйича 60 минг нафари ўзбекистонликлар. Узоқ йиллар Германия иккинчиликни сақлаб турди. Кейинчалик Россия иккинчи ўринга кўтарилди ва бу давлатда 12 миллион нафардан ортиқ муҳожир мавжуд. Саудия Арабистони, БАА каби давлатлар ҳам муҳожирларга «бой» давлатлар ҳисобланади. Буюк Британияда 9 миллион муҳожир борлиги қайд этилган.

Аброр Зоҳидов

Top