Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Психиатрия муассасаларида янги даволаш-ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Руҳий бузилишлардан азият чекувчи, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат терапияси, янги касбларга ўргатиш ва уларни ишга жойлаштириш учун психиатрия муассасалари ҳудудида давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этиладиган даволаш-ишлаб чиқариш корхоналари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Руҳий бузилишлардан азият чекувчи, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат терапияси, янги касбларга ўргатиш ва уларни ишга жойлаштириш учун психиатрия муассасалари ҳудудида давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этиладиган даволаш-ишлаб чиқариш корхоналари тўғрисидаги низомга кўра, давлат-хусусий шериклик қуйидаги принципларга асосланади:
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва қулайлиги, бундан давлат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил қилган маълумотлар мустасно;
камситишнинг йўқлиги, битим томонларининг тенг ҳуқуқлилиги;
томонларнинг битим бўйича мажбуриятларни виждонан бажариши;
хавф-хатарлар ва мажбуриятларнинг битим томонлари ўртасида адолатли тақсимланиши;
давлат-хусусий шериклик томонлари ўзаро муносабатларининг шартномада келишиб олинган асоси.
Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида психиатрик муассасалар ҳудудида руҳий бузилишлардан азият чекувчи, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат терапияси, янги касбларга ўргатиш ва ишга жойлаштириш учун ДИЧК ташкил этиш истагини билдирган хусусий шерик давлат шеригига тегишли ариза беради.
Аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
хусусий шерикнинг номи ва жойлашган ери;
лойиҳани амалга ошириш мақсади;
битимнинг тахмин қилинган объекти ёки ер участкаси тўғрисидаги маълумотлар.
Хусусий шерикнинг давлат психиатрик муассасалари билан ҳамкорлиги қуйидаги мақсадларга эришишни таъминлаши зарур:
тиббий-ижтимоий реабилитация сифатини ошириш ҳамда руҳий бузилишлардан азият чекаётган, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ресоциализацияси учун меҳнат терапиясидан фойдаланиш;
руҳий бузилишлардан азият чекаётган, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни янги касбларга ўргатиш ва ишга жойлаштириш;
давлат психиатрик муассасаларига қарашли бўш турган иншоотлар, жиҳозлар, ер майдонларидан фойдаланишни оптималлаштириш.
Хусусий шерик руҳий бузилишлардан азият чекаётган, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга мос ишлаб чиқариш жараёнини ташкиллаштиради. ДИЧКда энг кўп тавсия этиладиган меҳнат турлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
Эркаклар учун:
дурадгорлик, чилангарлик, картонли-муқовалаш, ўриш, бадиий-амалий, қишлоқ хўжалиги ўсимликшунослиги ва ҳайвоншунослиги, биноларни таъмирлаш
ва пардозлаш ва қонунчилик билан таъқиқланмаган бошқа йуналишлар.
Аёллар учун:
тикиш, сунъий гуллар ясаш, ўриш, бадиий-амалий, қишлоқ хўжалиги ўсимликшунослиги, ҳайвоншунослиги ва қонунчилик билан таъқиқланмаган бошқа йуналишлар.