Жаҳон | 08:55 / 30.11.2018
6107
2 дақиқада ўқилади

АҚШдаги аукционда Ой тупроғи ва “космик” шахмат сотилди

Фото: Sotheby's

Ерга 1970 йилда собиқ иттифоқнинг “Луна-16” автоматик станцияси томонидан етказилган Ой тупроғи фрагментлари Нью-Йоркдаги Sotheby's аукцион уйида 855 минг долларга сотилди.

Маълум қилинишича, ушбу лот 700 мингдан 1 млнгача баҳоланган. 

Сотилган тупроқ намунаси рус тилидаги “Луна-16 тупроғининг зарралари” ёзуви бўлган металл қутига жойлаштирилган. Қутида катталаштирувчи ойна бўлиб, у ойна остидаги зарраларни яхшироқ кўришга имкон беради.

Ушбу тупроқ намуналари унинг эгаси томонидан савдога қўйилди. У тупроқни 1993 йилда аукционда сотиб олган. Аукцион уйининг таъкидлашича, бу тупроқ жисмоний шахсга расман берилган ягона Ой тупроғи намунаси ҳисобланади.

Сотилган тупроқ собиқ иттифоқ коинот дастурининг раҳбари Сергей Королёвнинг рафиқаси Нина Королёвага тегишли бўлган. Иттифоқ раҳбарияти уни Королёвага турмуш ўртоғининг улкан хизматлари учун миннатдорлик рамзи сифатида топширган.

Аукционда, шунингдек, 1963 йилда биринчи аёл фазогир Валентина Терешкова ўз парвозини бажарган “Восток-6” кемасининг овоз регистратори, Терешкованинг парвоз вақтидаги мулоқотлари ёзилган 8 та аудиокассета сотувга қўйилган.

Савдолар вақтида илк фазогир Юрий Гагариннинг дастхати туширилган унинг “Дорога в космос” деб номланган китоби, вазнсизликда ўйнаш учун мўлжалланган космик “шахмат” ҳам сотилган.

Мавзуга оид