21:28 / 02.12.2018
8619

Интернетда «Яндекс»нинг смартфони ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди

Интернетга «Яндекс» компанияси 5 декабрда тақдим қилиши кутилаётган «Яндекс. Телефон» смартфони ҳақидаги маълумотлар чиқиб кетди. Қурилманинг кўрсаткичлари ҳақидаги маълумот электроника ва маиший техника сотувчи йирик компаниялардан бири сайтида пайдо бўлган. Айни вақтда ушбу саҳифа ўчириб ташланган, бироқ уни Google кэшида кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, смартфон 8 ядроли процессор, 5,65 дйюмли дисплей, 4 Гб тезкор ва 64 Гб доимий хотира олади. Доимий хотирани microSD карталари ёрдамида ошириш мумкин.

Қурилма LTE тармоқларида иккита SIM-карта билан ишлай олади, тезкор қувватланишни қўллаб-қувватлайди ва кичик масофаларда маълумотни симсиз узатиш технологияси – NFC модули эвазига контактсиз тўловларни амалга ошира олади. Қурилманинг аккумулятори 2970 мА-соатни ташкил қилади. Маълум қилинишича, смартфоннинг асосий камераси 16+5 Мпли қўш камера, олд камераси эса 5 Мпли бўлади. Асосий камера остида бармоқ изи сканери жойлашади. 

Смартфон, шунингдек, қувватлаш ва маълумотларни узатиш учун USB-C порти ва қулоқчинлар учун 3,5 ммли разъём билан жиҳозланади. Смартфоннинг нархи 17990 рублни ташкил қилади.

Top