Спорт | 08:43 / 03.12.2018
16408
2 дақиқада ўқилади

Расман: УЕФА учинчи еврокубок турнирига асос солди

Фото: Getty Images

УЕФА Ижроқўмининг Дублиндаги мажлиси 2021 йилдан бошлаб учинчи еврокубок мусобақаси ташкил этилишини расман тасдиқлади.

Янги мусобақа Чемпионлар лигаси ва Европа Лигаси мусобақалари билан бир хил форматда бўлади: жами 32 жамоа 4тадан 8та гуруҳга бўлинган ҳолда кураш бошлайди ва нимчорак финалдан бошлаб плей-офф баҳсларига киришади. 1/8 финалдан олдин қўшимча плей-офф раунди бўлиб ўтади, унда гуруҳда 2-ўринни олган жамоалар ва Европа Лигасида ўз гуруҳида 3-поғонани банд этган клублар рўбаро келади.

Янги мусобақа жами 141та ўйинни қамраб олади (умумий 15 кун), бу – ҳозирги Европа Лигасидаги учрашувлар сонига тенг.

Тақвимда ўзгаришлар кўп бўлмайди. Хусусан, ЕЧЛ ўйинлари ҳозиргидек сешанба-чоршанба кунлари ўтказилса, Европа Лигаси ва янги мусобақа учрашувлари пайшанба кунлари ташкил этилади.

Учинчи еврокубок ғолиби Европа Лигасининг кейинги мавсумига йўлланмани қўлга киритади.

Маълум қилинишича, учала мусобақанинг финал баҳслари бир ҳафтага белгиланади. Мавсум охиридаги ҳафталардан бирида чоршанба куни янги турнир, пайшанбада Европа Лигаси финали ва шанбада Чемпионлар лигасининг ҳал қилувчи ўйини бўлиб ўтади.

Мавзуга оид