Ўзбекистон | 12:54 / 08.12.2018
9935
2 дақиқада ўқилади

Президент: Олий Мажлис ҳали-ҳануз ҳақиқий баҳс-мунозаралар майдонига айлангани йўқ 

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис ҳали-ҳануз ҳақиқий баҳс-мунозаралар майдонига айлангани йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

Маълумки, қонунлар ижроси устидан парламент назоратини ташкил этиш Сенат Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикерининг конституциявий ваколати ҳисобланади. 

«Афсуски, парламентнинг бу соҳадаги фаолиятида туб ўзгариш сезилмаяпти. Жумладан, жорий йилда давлат органлари ва мансабдор шахсларга Сенат бор-йўғи 2 та, Қонунчилик палатаси эса 3 та парламент сўрови юборган, холос.

“Парламент мажлисларида марказий органлар ва ҳудудлар раҳбарлари ҳисоботларини эшитдик”, деб мақтанамиз. Лекин савол туғилади: бундай ҳисоботлар бўлаётган бўлса, уларнинг натижалари бўйича қандай ҳужжатлар қабул қилинди ва ижрога йўналтирилди? Фаолияти қониқарли бўлмаган қайси вазир ёки ҳокимга нисбатан муносабат билдирилди?

Халқ вакилларининг қатъий позицияси қаерда қолди?

Мисол учун, қайси сенатор ёки депутат Солиқ сиёсати концепцияси ижроси билан қизиқиб, Молия вазирлиги ёки Давлат солиқ қўмитаси раҳбарларига сўров юборди?

Энг асосий камчилик шуки, Олий Мажлис ҳали-ҳануз ҳақиқий баҳс-мунозаралар майдонига айлангани йўқ.

Шу муносабат билан Олий Мажлис палаталарида қонунлар ижросини кўриб чиқиш, раҳбарлар ҳисоботини эшитиш билан чекланмасдан, бевосита жойлардаги аҳволни тизимли равишда ўрганиш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш зарур, деб ҳисоблайман», - деди президент.

Мавзуга оид