Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Мана шу 30 йилликда ёпиқ давлат сифатида турганмиз» – муфтий Ўзбекистоннинг халқаро алоқалари кенгаяётгани ҳақида
«Шавкат Мирзиёев Иорданиянинг «Ан-Наҳда» ордени билан тақдирланиши – Ўзбекистон сиёсати бутун дунёга намуна даражасида кетаётганидан далолатдир», деди Мусулмонлар идораси раиси, шайх Нуриддин Холиқназар. Муфтийнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон яқингача ёпиқ бир давлат сифатида турган ва бу нарсаларни унутмаслик керак.
Фото: Президент матбуот хизмати
Иордания подшоҳининг Ўзбекистонга илк ташрифи доирасида икки давлат ўртасида 15 та ҳужжат имзоланди, шунингдек, икки давлат ўртасида визасиз режим ўрнатилиши маълум қилинди. Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн президент Шавкат Мирзиёевни қиролликнинг «Ан-Наҳда» ордени билан тақдирлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ушбу ташрифнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди:
«Самарқандда жуда ҳам катта бир тарихий учрашув бўлди, яна бир хурсандчилик — президентимиз Иорданиянинг энг юксак, энг олий ордени бўлган «Ан-Наҳда» ордени билан мукофотланди. Бу орден ниҳоятда юксак аҳамиятга эга ва юксак эътиборли инсонларга бериладиган орден», дейди муфтий.
Муфтийнинг айтишича, бу Ўзбекистоннинг сиёсати бутун дунёга намуна бўладиган бир даражада кетаётганидан далолат беради.
«Хусусан, президентимиз ташаббуси билан нафақат бизнинг ички сиёсатимиз ёки Ўзбекистон ичидаги ислоҳотлар, балки қўшни давлатлар билан, қўшни диёрлар билан бўлаётган сиёсатда ҳам ислоҳотларга гувоҳ бўляпмиз. Олдин қандай эди-ю, ҳозир қандайлигини ҳамма кўриб, баҳо бериб турибди.
Тан олишимиз керак, давлатимиз яқингача – узоқ тарих эмас, мана шу ўттиз йилликни олиб турайлик, ёпиқ бир давлат сифатида турганмиз. Бугун мана бу нарсаларни унутмаслик керак. Бугун қўшни давлатларга бемалол чиқиб-киришимиз, улар билан алоқаларимизнинг кундан кун ривожланиб бораётганини кўряпмиз. Энди нафақат қўшни, балки узоқ давлатлар, айниқса, Яқин Шарқ ва араб давлатлари билан бўлаётган муносабатлар, дипломатик алоқаларнинг яна ҳам юксакка кўтарилишида, албатта, муҳтарам президентимизнинг сиёсий иродалари, узоқни кўра билишлари намуна бўляпти. Ўша узоқни кўра билишлари орқали бу ислоҳотлар амалга ошириляпти», деди шайх Нуриддин Холиқназар.
Унинг айтишича, Иордания дин нуқтаи назаридан бизга жуда яқин, шу билан бирга мусулмон давлатлар ичида ўзининг нуфузига эга бўлган давлат ҳисобланади.
«Муҳтарам президентимиз мана, араб давлатлари билан алоқаларни яхшилади, кучайтирди. Бирлашган Араб Амирлиги, Саудия Арабистони, ҳамма давлатлар билан гўзал бир алоқалар бўляпти. Бу нафақат иқтисодий ёки дипломатик, сиёсий алоқа, балки диний, маърифий соҳадаги алоқаларимизнинг кучайишига сабаб бўлади. Шунинг учун бу орден, албатта, нафақат давлатимиз раҳбарига, балки бутун ўзбек халқига берилган орден. Бугун Ўзбекистон лидерининг дунё миқёсидаги сиёсатда ўз мавқейини топгани нишонаси бўлади», дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси.
Мавзуга оид
18:31 / 28.08.2025
Шавкат Мирзиёев Хитойдаги ҳарбий парадда иштирок этади
21:09 / 27.08.2025
Шавкат Мирзиёев янги барпо этилган «Тошкент-Шарқий» аэропортини бориб кўрди
20:34 / 27.08.2025
Шавкат Мирзиёев Япония ташқи ишлар вазирини қабул қилди
18:19 / 27.08.2025