Ўзбекистон | 21:09 / 27.08.2025
16459
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев янги барпо этилган «Тошкент-Шарқий» аэропортини бориб кўрди

Умумий майдони 561 гектардан иборат янги аэропорт бизнес вакиллари ва юқори мартабали меҳмонлар учун мўлжалланган. Президент таъкидлаганидек, бу иншоот Тошкент халқаро аэропортига юкламани енгиллаштиради.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни «Тошкент-Шарқий» аэродроми негизида барпо этилган янги аэропортни бориб кўрди.

Бизнес авиацияси учун мўлжалланган аэропорт қурилиши 2017 йилда бошланган эди. Аэропортнинг умумий майдони 561 гектардан иборат. 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги ва 3 та ҳаракатланиш йўли янгиланиб, энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга бўлди. 20 та ҳаво кемасига мўлжалланган перрон барпо этилди. Boeing 787, Airbus А320 каби самолётлар, бизнес-жетлар ҳамда вертолётлар учун ангарлар қурилди.

Аэропортда VIP ва CIP терминаллар бунёд этилди. Олий мартабали меҳмонлар залида расмий кутиб олиш, музокаралар ва брифинг ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Соатига 100 нафар йўловчини қабул қилиш қувватига эга CIP терминалида дўкон ва овқатланиш жойлари бўлади.

Аэропорт ICAO III-А тоифасидаги илғор радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади. Бу ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш ва қўниш имконини беради.

Таъкидланишича, янги аэропорт қулай жойлашуви туфайли пойтахт ва Янги Тошкент шаҳри учун муҳим транспорт хабига айланади. Халқаро ташрифлар ва ишбилармонлик сафарларини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторлар учун шароитлар яхшиланади. Натижада иқтисодий алоқалар ва хизмат кўрсатиш соҳаси янада ривожланиб, янги иш ўринлари яратилади.

Давлат раҳбари шу ерда жамоат фаоллари, кексалар билан суҳбатлашди.

– Кўп йил тайёргарлик қилиб, мана шундай аэропорт қурдик. Бу ҳам давлатчиликнинг яна бир замини. Бу ерда юртимизга келадиган меҳмонлар ва самолётларга юқори даражада хизмат кўрсатилади. Натижада Тошкент халқаро аэропортига юклама енгиллашади. Худо хоҳласа, у аэропорт учун ҳам бошқа жойда улкан мажмуа қуришни режалаштирганмиз. Умуман, ҳамма ҳудудларимизда катта-катта лойиҳаларни бошлаганмиз. Илоҳим, тинчлигимизга кўз тегмасин, янги иншоотлар, фаровонлик халқимизга буюрсин, деди президент.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид