Жаҳон | 09:43 / 10.12.2018
4298
2 дақиқада ўқилади

Карлос Гон ҳибсга олиниши олдидан Nissan президентини бўшатмоқчи бўлган – ОАВ

Фото: Regis Duvignau/Reuters

Француз-япон автомобилсозлик альянси Renault-Nissan-Mitsubishi’нинг собиқ раҳбари Карлос Гон Токио прокуратураси томонидан ҳибсга олинишидан бироз олдин Nissan президенти Хирото Саикавуни лавозимидан бўшатмоқчи бўлган. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри маълум қилди.  

Нашр маълумотларига кўра, Гон ноябрь охирида Nissan бошқаруви йиғилишида Саикавуни алмаштиришни таклиф қилмоқчи бўлган. Таъкидланишича, Гоннинг бу қарори Nissan’нинг АҚШдаги савдоси пастлиги ва Японияда ишлаб чиқарилувчи автомобиллар сифатидаги муаммолар билан боғланган бўлган. 

Гон 19 ноябрда ҳибсга олинишидан олдин бир неча ой давомида Nissan раҳбариятида ўзгартиришлар амалга оширмоқчилигини у ёки бу тарзда билдириб келган. Бундан ташқари, у бу режаларини компаниянинг топ-менежерлари билан муҳокама қилган. 

Гон ҳибсга олингандан кейин Nissan ва у билан боғланган Mitsubishi Motors компанияси директорлар кенгаши раиси лавозимларидан четлатилган. У ҳозирча Renault раҳбари бўлиб қолмоқда.

Гон ва унга яқин кишилардан бири, Nissan директорлар кенгаши аъзоси Грег Келли 19 ноябрда Япония молиявий қонунчилигини бузиш гумони билан ҳибсга олинган. Хусусан, Гон 5 йил давомида Nissan раҳбари лавозимидаги иши учун олган 10 млрд иеннинг (89 млн доллар) фақатгина ярминигина декларация қилганликда гумон қилинмоқда. 

Мавзуга оид