Light | 02:32 / 11.12.2018
37890
3 дақиқада ўқилади

Кутубхоналар ҳақида қизиқарли фактлар

Дунёдаги энг йирик кутубхона АҚШ Конгресси кутубхонаси саналади. Унинг фондида 150 миллион нусхадан ортиқ китоблар бор. У 1800 йилда АҚШ президенти Жон Адамс томонидан ташкил этилган. Собиқ президент Конгрессга керакли китобларни харид қилиш учун 5 минг доллар ажратган. Ҳозирда кутубхонага йилига бир миллион етти юз минг китобхон ташриф буюради.

Фото: Unsplash

Америкалик библиоман Стивен Блумберг ўзининг китобларга бўлган ғалати “меҳри” сабаб жаҳонга донг таратган. Умри давомида у кутубхоналардан қиймати бир неча миллион доллар бўлган 20 мингдан ортиқ китобларни ўғирлаган. Бундан 268 та кутубхона зарар кўрган. Стивен Блумберг бир неча марта панжара ортига тушган. Бироқ озодликка чиққач яна эски машғулотини давом эттирган. Қизиғи, китоблардан бирортасини сотмаган ва уларга зарар етказмаган.

Финляндиянинг кичик Вантаа шаҳарчаси кутубхонасига нотаниш киши қадимий китобни қайтарган. Жилднинг орқа томонидаги қайдларга қараганда китоб юз йил олдин берилган. Бу рекордни Гиннес рекордлар китобига бемалол киритиш мумкин.

Фото: Unsplash

Норвегияни ёзувчилар учун ҳақиқий жаннат деб ҳисоблаш мумкин. Агар ёзувчилардан кимдир бу мамлакатда китоб нашр эттирса, минг нусхасини Норвегия ҳукумати дарҳол сотиб олади ва кутубхоналарга тақсимлайди. Шу йўл билан ёзувчиларга давлат томонидан кўмак кўрсатилади.

Haskell кутубхонаси бир вақтнинг ўзида дунёнинг икки мамлакати – АҚШ ва Канадада жойлашган. Бинонинг ярми Американинг Дерби-Лайн шаҳарчасида бўлса, қолган ярми Канаданинг Стэнстед шаҳрида. Кутубхонага фақат АҚШ томонидан кириш мумкин. Тўғри, илгари канадаликлар ҳам кутубхонадан эркин фойдаланишган. 11 сентябрдаги террористик воқеаларидан кейин хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Бино олдида АҚШ Миллий хавфсизлиги ходимлари доимий равишда навбатчилик қилишади.

1857 йилда британиялик савдогар Жорд Мур дунёдаги илк ҳаракатланувчи кутубхонани ташкил этган. Айнан шу усул билан Мур фойдали билимларни қишлоқ аҳолиси ўртасида тарқатишга қарор қилди.

Фото: Unsplash

Ҳозирги кунда фаолиятини юритишни тўхтатмаган энг қадимий кутубхона Мисрнинг Муқаддас Елена ибодатхонасида жойлашган. Кутубхона милоддан аввалги VI асрда очилган. Тўғри, исталган киши у ерга бора олмайди. Бу фақат муайян рухсатга эга монах ва талабалар учун мумкин.

Мавзуга оид