Ўзбекистон | 01:03 / 14.12.2018
46236
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қанча тиланчи борлиги маълум қилинди

13 декабрда сенаторлар Ички ишлар вазирлиги ишлаб чиққан ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқишди.   

Аввалроқ Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими (ҚҲТБТ) порталида жойлаштирилган ҳужжат лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1883-модда билан, Жиноят кодекси эса 1271-модда билан тўлдирилиши кутилмоқда. 

Таъкидланишича, тиланчилик учун маъмурий жазо (энг кам иш ҳақининг бир баробаридан 3 баробаригача ёки 15 суткагача маъмурий ҳибсга олиш) қўллангандан кейин қонунбузарларга 240 соатгача ижтимоий-фойдали ишларга мажбурий жалб этиш, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилгача озодликни чеклаш ёки шундай муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин.  

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотларига кўра, Тошкентда охирги йил тиланчилик билан шуғулланувчи 5 мингдан кўпроқ киши аниқланган. Улардан 4 мингини аёллар (3 минги ёш болалар билан), 100 га яқинини ногирон эркаклар ва 500 га яқинини кекса ёшли кишилар ташкил қилади. Сенатда маълум қилинишича, Тошкентда Тошкент вилоятидан (30-35 фоиз), Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан (25-30 фоиз), Бухоро ва Самарқанд вилоятларидан (20-25 фоиз) ва пойтахтнинг ўзидан (15-20 фоиз) бўлган тиланчилар “ишлайди”. 

Баъзи ОАВда Ўзбекистонда тиланчилик қонунан тақиқлангани маълум қилинди. Шунга эътибор қаратиш керакки, ҳозирча ҳеч нарса расман тақиқланмаган, чунки ҳар бир қонун лойиҳаси президент томонидан имзоланиши ва ОАВда расман эълон қилиниши керак. Шундан кейингина у кучга киради.

Мавзуга оид