Жамият | 09:59 / 15.12.2018
22201
2 дақиқада ўқилади

20 минг долларни пайпоғи ичида олиб чиқишга уринган шахс тўхтатиб қолинди

Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Чет эл фуқаролари эса Ўзбекистонга кириш чоғида олиб кирган миқдордаги нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган рухсатномалар талаб этилади.

Айрим шахслар томонидан республикадан нақд хорижий валюталарни ноқонуний равишда олиб чиқишга бўлган уринишлар ҳамон кўзга ташланмоқда, деб хабар беради Божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Фото: customs.uz

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Бекобод авто” чегара божхона пости ходимлари томонидан, ушбу постга пиёда ҳолда кириб келган фуқаро Б.Д. божхона назоратидан ўтказилганида, оғзаки сўровида маълум қилинмаган, ўнг ва чап оёқларига кийиб олган пайпоқлари ичига яширган холда 20 минг АҚШ долларини республикамиздан олиб чиқишга бўлган уриниши фош қилинди.

Фото: customs.uz

“Ғишткўприк” чегара божхона пости ходими томонидан ушбу постга пиёда ҳолда кириб келган фуқаро Д.К. холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, эгнидаги ички кийими ичига яширилган ва оғзаки сўровда тақдим қилинмаган 1 млн қозоқ тенгесини қўшни давлатга олиб ўтаётганлиги аниқланди. 

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид