Фан-техника | 00:16 / 16.12.2018
12384
3 дақиқада ўқилади

Virgin Galactic космоплани илк марта “космик баландлик”ка эришди

Американинг Virgin Galactic хусусий космик компанияси SpaceShipTwo туристик суборбитал космик аппаратининг навбатдаги синовини ўтказди ва дарҳол космик баландлик чегарасига етди.

Фото: twitter.com/virgingalactic

Компаниядагилар илгарироқ бундай баландлик сифатида АҚШ ҲҲК сингари Ер сиртидан 80 километр юксакликни тушунишини эълон қилганди. Космоплан 82,7 км баландликкача чиқди ва яна ерга қайтиб қўнди. Компания парвознинг муваффақиятли амалга оширилганини “Твиттер” орқали хабар берди.

SpaceShipTwo космик аппаратини WhiteKnightTwo самолёт ташувчиси ҳавога кўтарди. Худди олдингилари сингари парвоз Калифорния штатидаги Мохвае чўлидаги аэродромдан амалга оширилди.

14 километр баландликка чиққан самолёт космопланни қўйиб юборган, у эса ракета двигателини ишга солиб, тезлантирувчининг 42 сониялик ишидан сўнг стратосферадан мезосферага ўтган ва қарийб 83 км баландликка эришган. Компаниянинг қўшимча қилишича, SpaceShipTwo товуш тезлигини 2,9 марта ортда қолдирган. 

Парвозлар учун мезосфера ўзига хос “ўлик зона” ҳисобланади — бу ерда ҳаво самолётлар ёки аэростатларнинг парвозини таъминлаш учун сийраклик қилади (50 км баландликда ҳаво зичлиги денгиз сатҳидагидан 1000 баробар камроқ) бир вақтнинг ўзида бундай паст орбитада сунъий йўлдошлар учириш учун зич ҳисобланади.

Парвоздан бир неча дақиқа ўтгач мезосферада SpaceShipTwo секин-аста пасая бошлаган ва алал-оқибат Мохаве чўлидаги ўша аэропортга қўнган.

Virgin Galactic компанияси хўжайини британиялик миллиардер Ричард Брэнсон ҳам синовлардан шахсан қатнашган. Парвоз муваффақиятли амалга оширилгач, у SpaceShipTwoʻнинг бортига йўловчиларни олган илк туристик парвози 2019 йилнинг мартида амалга оширилишини айтиб ўтган. Брэнсоннинг ўзи ҳам бу йўловчилардан бири бўлишига алоҳида урғу берган.

SpaceShipTwo космик аппарати айнан туристик мақсадларда ишлаб чиқилган. Вазнсизлик ҳолатини ҳис қилиш ва Ер куррасини 100 км баландликдан туриб томоша қилиш имконини берувчи парвоз туристлар учун 250 минг долларга тушади. Космик кема ўз бортига икки учувчи ва олти нафар космик туристни олади. Ерни 100 км баландликдан туриб томоша қилишни истовчилар кўп экан — компания аллақачон юзлаб чипталарни сотишга улгурган.

Мавзуга оид