Спорт | 17:30 / 17.12.2018
11740
12 дақиқада ўқилади

Клопп чемпионликка, Моуриньо истеъфога яқинлашди. Англияда тур якунлари

Фото: Clive Brunskill/Getty Images

Дам олиш кунларида Англия Премьер-лигасида 17-тур учрашувлари ўтказилди. Турнинг марказий баҳси Ливерпульда «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» жамоалари ўртасида кечди.

«Ливерпуль» - «Манчестер Юнайтед» - 3:1 (1:1)
Голлар: Мане, 24 (1:0). Лингард, 33 (1:1). Шақири, 73 (2:1). Шақири, 80 (3:1).
«Ливерпуль»: Алиссон, Клайн, ван Дейк, Ловрен, Робертсон, Фабинью, Вайналдум, Кейта (Шақири, 70), Салоҳ, Роберто Фирминьо, Мане (Ҳендерсон, 84).
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Линделеф, Янг, Байи, Далот (Феллаини, 46), Матич, Эррера (Марсиял, 79), Лингард (Мата, 85), Дармиан, Лукаку, Рэшфорд.
Огоҳлантиришлар: Далот, 26. Лукаку, 40.
Ҳакам: Аткинсон (Англия).
16 декабрь. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони.

Погба яна захирада
Бу катта ўйиндан аввал BBC сайтида сўровнома ўтказилди ва икки жамоа футболчиларидан 11 футболчини ажратиб кўрсатиш сўралди. Ўтган мавсум биринчи даврасида, октябрь ойида бўлиб ўтган ўйиндан олдин ўтказилган шундай сўровнома натижасига кўра, мухлислар «Ливерпуль»дан фақат Мане ва Коутиньони танлашганди. Бир йил ўтиб эса барчаси бутунлай ўзгарди, бу сафар «Ливерпуль»нинг 10 футболчиси танланди - 10:1.

Жамоатчилик танлаган «МЮ»нинг ягона футболчиси эса Поль Погба эди. Лекин ушбу клуб тарихидаги энг қимматбаҳо футболчи захирада қолдирилди. Бу энди сенсация эмас, мураббий билан муносабатларини ёмонлаштириб олган футболчи жорий мавсумда камдан-кам бошланғич таркибдан ўрин олмоқда. Франциялик футболчи жаҳон чемпионатидан кейинги таътилдан жуда кеч қайтганди ва мураббий билан низолашиб, асосий таркибдаги ўрнини йўқотди. «Ливерпуль»га қарши ўйин олдидан яна бир марта у шу мавсумдаёқ клубни тарк этиб, «Ювентус»га қайтиши ҳақида хабарлар тарқалди.

Моуриньо «Арсенал»га қарши ўйинда бўлгани каби бир ҳужумчи билан ҳаракат қилди (фақат бу сафар бошланғич таркибда Антонио Марсиял эмас, Ромелу Лукаку чиқди), ягона ҳужумчи ортида Лингард ва Рэшфорд ҳаракат қилди (3-4-2-1). Бундан ташқари, ҳимояда Дармиан ҳаракатланди, машғулот вақтида жароҳатланган Смоллинг ўрнини Байи эгаллади.

Матич муаммоси
«Челси»да Матич девор эди. Аввалига Моуриньо учун, кейин Конте учун. Айнан шу сифати учун Моуриньо уни Манчестерга олиб келди. Лекин бундай футболчилар оддий вазиятларда хато қилмаслиги керак. Моуриньонинг футбол фалсафасида асосийси - хато қилмаслик.

Етти пасдан иккитаси аниқ, икки марта тўп йўқотиш ва кераксиз жойда бурчак жаримаси. Бу Нейманьянинг илк ўн дақиқадаги статистикаси. Тўп йўқотишлардан бири «МЮ» қарши ҳужумга ўтганида рўй берди ва бу қарши ҳужум Де Хеа дарвозаси томон бурчак тўпи белгиланиши билан якунланди. Матич ўйин бошида оддий қарорлар қабул қилишда адашди. Ўйиннинг илк ярим соатида меҳмонлар рақиб томонга атиги 14 марта аниқ пас узатишди. Шундан 7таси чап қанотдан. Майдон марказидан ўйин бўлмади. 

Ҳужум ҳимояга қарши

Юрген Клопп эса ҳужумкор таркиб танлади - 4-2-3-1. Шақири бошланғич таркибдан четда қолди, Кейта биринчи бўлимда ўзи учун ноодатий бўлган чап қанотда ҳаракат қилди ва майдон марказида Фабиньо ҳамда Вейналдумга ёрдам бериб турди. Таркиб деярли идеал даражада эди.

Моуриньо танлаган таркиб эса дастлаб ҳужумда ўйнашга ҳаракат қилди, бир сафар тўп дарвоза тўрига бориб ҳам тушди. Аммо бу вазиятда Лукаку шундоқ ҳам дарвоза тўрига қараб кетаётган тўпга интилди ва ҳакам офсайд қайд этди. Аммо ўйиннинг 15 дақиқалигида барибир «Ливерпуль» устунлик қилди - зарбалар бериш бўйича кўрсаткич бу вақтга келиб 7:1 кўринишини олганди. Де Хеа вазиятлардан бирида Роберто Фирминьонинг ўта хавфли зарбасини қайтариб, жамоасини голдан сақлади.

Фабиньонинг эркинлиги
«Ливерпуль»нинг энг ортда ҳаракатланадиган яримҳимоячиси бу ўйинда рақиб дарвозаси томон зарба бериш борасида иккинчи бўлди. Фабиньо 5та зарбасидан 4тасини жарима майдони ташқарисидан йўллади. Матич ва Эррера (кейин Феллайни) Вейналдум ва Фирминони қўриқлаш билан банд бўлишди, Рэшфорд қанотда қолди, Лингард ортга қайтмади ва Фабиньо эмин-эркин ҳаракатланиб, истаган жойидан зарба бераверди.

Унинг зарбалари очко келтирмаган бўлсада, унинг заргарона паси голга олиб келди.

«Ливерпуль» бу ўйинда ғалаба қозониши зарур эди, бир кун олдин тур ўйинини ўтказган «Манчестер Сити» «Эвертон» устидан ғалабага эришиб (3:1), турнир жадвалида яна биринчи ўринга кўтарилиб олганди. «Ливерпуль» биринчи бўлиб гол урди, «МЮ» ҳимоячилари Манени назардан қочиришди ва у Фабиньо томонидан дарвозабон ҳудудига ташлаб берилган тўпни маҳорат билан ўзига бўсундириб, уни Де Хеанинг оёқлари орасидан ўтказди.

«Манчестер Юнайтед» натижа учун ўйнашда давом эттирди ва ўз имкониятини кутди. Биттагина вазият туғилди ва Алиссонинг хатосидан кейин Лингард ҳисобни тенглаштирди.

Моуриньо энди футболчиларнинг жойларини ўзгартириб, ўйин кўрсата бошлади. Биринчи бўлимда жамоа 4-4-1-1 схемасига ўтди, иккинчи бўлимда Феллайни майдонга чиқиши билан бу схема ҳам 4-3-3га ўзгарди. Бунинг эвазига Де Хеа дарвозаси олдида хавфли вазиятлар камайди. Рақиб зарба беришда давом этар, лекин «МЮ» дурангни сақлаб қолишга яқинлашар эди. Иккинчи бўлимда меҳмонлар ҳужумга ўтишни хаёлига ҳам келтиришмади.

Клоппнинг «ҳид билиш» қобилияти

«Ливерпуль» босимни ошириши керак эди ва Клопп иккинчи бўлим ўрталарида толиққан Кейта ўрнига бақувват Шақирини туширди. Швейцариялик футболчи одатда 4-2-3-1 схемасида қанотдан жой оларди, аммо Клопп уни рақиб ҳимоясини марказдан парчалаш учун туширганди. Бу иш берди: майдонга чиққанига 3 дақиқа бўлмасидан Шақири «Ливерпуль»ни олдинга олиб чиқди.

Жозенинг хатоси
Моуриньо асабийлаша бошлади, Эррерани ўйиндан олди ва Марсиялни туширди. Майдон маркази ҳужумни кучайтириш учун қурбон қилинди. Аммо ва-банк ўзини оқламади. Шақири яна яна бўш қолдирилди ва унинг кучли зарбаси рикошет орқали дарвоза тўрига бориб тушди. 

Меҳмонлар рақибни прессинг қилишмади, чуқур ҳимояга ётиб олишди, рақибга кенг ҳудуд қолдиришди. Меҳмонлар ҳимоячилари рақибнинг 14 зарбасини тўсишди. Бу олдиндан маълум тактика эди: сиз истаганингизча тепаверинг, биз тўсганимизча тўсамиз. Аммо бундай вазиятда рикошетдан қочишнинг имкони йўқ эди, зарбаларнинг бири бўлмаса бошқаси рикошет туфайли дарвозага кириб кетиши эҳтимоли юқори эди.

Швейцариялик футболчи эса шундай вазиятлардан биридан унумли фойдаланди ва асосий таркибга ҳақли эканини яна бир бор кўрсатиб қўйди.

«Ливерпуль» учинчи голдан кейин ҳам тўхтамади ва рақиб дарвозаси томон хавф солишда давом этди. Вейналдум ҳам гол уриши мумкин эди, Салоҳ ҳам ўз номини таблога ёздириши мумкин бўлди, аммо ҳисоб ўзгармади.

3:1 - «Ливерпуль» биринчи ўринга қайтди ва кейинги 5 йил ичида ўз майдонида илк марта «Манчестер Юнайтед»ни мағлуб этди. Охирги 6 ўйинда 6 очко олган «қизил иблислар» эса 6-ўринда қолди ва Моуриньонинг истеъфоси ҳақида навбатдаги хабарлар тўлқини бошланди. Бу мавсум унинг учун охиргиси бўлиши мумкин.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳам Жозе янги гап ўйлаб топа олмади. У рақиб кучли эканини тан олди ва жамоа мухлисларига бу мавсум «олтинчи ўриндан пастга тушиб кетмаслик»ка ваъда берди.

«Арсенал» 4 ой ичида илк марта ютқазди

«Саутгҳемптон» – «Арсенал» 3:2
Голлар: 1:0 – 20 Ингз, 1:1 – 28 Мхитарян, 2:1 – 44 Ингз, 2:2 – 53 Мхитарян, 3:2 – 85 Остин.
«Саутҳемптон» – Маккарти, Вестергор, Йосида, Таргетт, Беднарек, Редмонд (Лонг, 63), Хейбьерг, Армстронг (Джонсон, 90), Ромеу, Валери, Ингз (Остин, 71).
«Арсенал» – Лено, Лихтштайнер (Мэйтленд-Найлз, 74), Монреаль, Беллерин (Ляказетт, 46), Косьельни, Гендузи, Чака, Мхитарян, Торрейра, Ивоби (Ўзил, 70), Обамеянг.
Огоҳлантиришлар: Беднарек (51), Косьельни (60), Армстронг (71).

«Арсенал» Унаи Эмери раҳбарлигида Англия чемпионатини «Манчестер Сити» (0:2) ва «Челси»га (2:3) қарши ўйинлардаги мағлубият билан бошлаганди. Шундан кейин лондонликлар АПЛда 14 учрашувда мағлуб бўлишмади, барча турнирлар доирасидаги ўйинлар қўшиб ҳисобланганда, 23 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этилди. Лекин бу серия Саутҳемптондаги «Сент-Мери» стадионида якунланди.

Унаи Эмери «авлиёлар»дан бундай ўйин кутмагани аниқ. Жамоа айни вақтда турнир жадвалининг қуйи қисмида жойлашганди. 

Биринчи бўлимда «канонирлар» тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик қилишди - 62 фоиз. Аммо зарбалар бериш борасида ортда қолишди 3-9 (2-5). Мезбонлар ҳужумчиси Дэнни Ингз биринчи бўлимда Бернд Лено дарвозасига икки гол йўллади. Биринчи гол урилган вазиятда ўнг қанот ҳимоячиси Эктор Беллерин жарима майдони ичига тўп узатилишига қаршилик қила олмади, Лоран Косельни ва Гранит Чака эса Ингз билан тўп учун курашни бой беришди. Иккинчи гол урилган вақтда эса жарима майдонига тўп узатилган вақтда на Лихтштайнер ва на Косельни тўпни тўса олишди. Бир томондан Чака ва Лихтштайнер марказий ҳимоячилар эмас, «Арсенал»нинг марказий ҳимоячилари бу ўйинда иштирок эта олишмагани учун (Сократис ва Мустафи дисквалификация қилинган, Роб Ҳолдинг, Сеад Колашинац ва Мавропанос жароҳат олганди).

Генрих Мхитарян «Арсенал»ни қутқариб қолишга уринди. Арманистонлик футболчи мезбонларнинг голларига икки марта жавоб қайтарди. Биринчи бўлим охирида меҳмонлар яна бир асосий футболчисини йўқотишди - Эктор Беллерин жароҳатланди.

Иккинчи бўлимда «Арсенал» янада ҳужумкорроқ ўйнади ва тўпга эгалик қилиш бўйича устунликни 72 фоизгача оширди, «тўпчилар» зарбалар бериш бўйича ҳам олдинга ўтиб кетишди - 10:3 (аниқ зарбалар бўйича - 2:2). Лекин Мхитаряннинг иккинчи голи меҳмонларнинг охирги голи бўлиб қолди, «Саутҳемптон» қарши ҳужумда омадга эришди ва Ленонинг тўпга чиқишдаги қўпол хатоси эвазига ғалабани ўзиники қилди. Энди «Арсенал» пешқадам «Ливерпуль»дан 11 очко ортда қолган ҳолда бешинчи ўринда.

Тур натижалари

Турнир жадвалидаги ҳолат

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид