Жамият | 10:40 / 17.12.2018
17362
5 дақиқада ўқилади

«Компьютерлар устига соябон тутишни бошлаяпман». Музработдаги мактаб нега қишга тайёр эмас?

Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти, Музработ туманидан мурожаат йўлланди.

«Мен ишлаётган умумий ўрта таълим мактабининг томи таъмирталаб аҳволда бўлгани сабабли, ҳар гал ёмғир ёққанида юрак ҳовучлаб компьютерлар устига соябон тутишни бошлаяпман. Қиш яқинлашяпти. Бу кетишда янги компьютерлар тез орада ишдан чиқишидан хавотирдаман», дейилган мактубда.

Мурожаат муаллифи Сурхондарё вилояти, Музработ тумани 12-мактабнинг информатика ўқитувчиси эди. «Бодомзор» маҳалласида жойлашган мактабга бордик. Мактаб ҳовлисидан кириб борарканмиз, бинонинг ўнг қанотидаги девор ёмғирлардан намиқиб қолганига гувоҳ бўлдик.

Мактаб ичкарисидаги зина суянчиқларига юқоридан томчи томмоқда. Учинчи қават даҳлизига ҳам юқоридан чакка томаркан.   

Адабиёт хонасига ҳам ёмғир яхшигина зарар етказган.

Ўрнатилган чироқларнинг фақат иккитасигина хонани хира ёритаётганди.

Мурожаатчининг айтишича, томдан чакка ўтиши оқибатида чироқ симлари намиқиб, туташув содир бўлган.

Ёғингарчиликда намиқиб қолмаслиги учун стол-стуллар уёқдан буёққа тартибсиз суриб қўйилган, компьютерлар ўралган ҳолатда. Маълум бўлишича,  информатика хонасини жиҳозлаш учун жорий йилда 80 миллион сўм маблағ сарфланган.  

«Чакка ўтганда компьютерларни артамиз, қуритгич билан қуритамиз. Эрталаб келибоқ, дераза ойналарини очиб, хонадаги намликни чиқариб юборамиз. Агар яқин кунларда мактаб томи таъмирланмаса, янаги йилда компьютерлар яроқсиз ҳолга келмаслигига кафолат йўқ», дейди мурожаатчи.

Мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Н.А. эса «Халқ таълими бўлимига хат билан чиқилгани, маблағ ҳам ажратилгани, қурувчи ташкилот таъмир хомашёсини мактаб биносига келтириб қўйгани, лекин ҳали иш бошланмагани, эрта индин бошланиб қолиши»ни айтди.

Маълум бўлишича, мактаб томини таъмирлаш учун қурилиш ташкилотига ҳозирча маблағнинг 15 фоизи ўтказилган. Маблағнинг қолган қисми таъмир ишларининг маълум қисми бажарилгач, тушириб берилиши ваъда қилинган. Аммо бу номаълум сабабларга кўра ортга суриб келинмоқда.

«4-чорак ёпилгач, банкларда операциялар март ойигача тўхтатилади. Бу эса «таъмирлаш ишлари янаги йилга қолди» дегани. Шу боис таъмир ишларини бажариш учун жуда оз фурсат қолган», дейди мурожаатчи.

Юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар юзасидан вилоят Халқ таълими бошқармаси, «Бино ва иншоотлардан фойдаланишни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш» бўлими бош мутахассиси И.Йўлдошевга мурожаат қилдик. И.Йўлдошев бизга «бир йил давомида таъмир борасидаги шикоятлар 250-300тани ташкил этиши, улар орасида ўн йилдан бери таъмирлаб берилмаётган аҳволи оғир, хом ғишт ва пахса деворлардан иборат мактаблар ҳам борлиги»ни маълум қилди.  

«Маълумки, мактабларга президентимиз ташрифлари уюштирилади. Бунинг учун ўша мактабларнинг таъмир даражаси зўр, намунали кўринишда бўлиши керак. Бундан ташқари, «Обод қишлоқ» дастурига киритилган, Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида рўйхатга олинган мактаблар ҳам бор. У мактаб, уч йил аввал таъмирланганми, ёки икки йил аввал, фарқи йўқ, таъмирлаш учун қайта рўйхатга олинади. Биз биринчи галда ушбу мактабларни таъмирлашга мажбур бўламиз. Қолган мактаблар эса ўз-ўзидан рўйхатдан тушиб қолаверади. 12-мактаб билан ҳам шундай бўлган», дейди мутахассис.

Йўлдошев ўзи ҳам мактаб директорига қўнғироқ қилиб, қурилиш моллари келтириб қўйилгани, туман молия бўлими таъмирни бошлашини буюргани, лекин маблағ қачон ўтказилишидан дарак бўлмаётгани, шу боис ишлар тўхтаб қолганини аниқлади. 

Бунинг сабабини ўрганиш учун, Музработ туманидаги молия бўлими бошлиғи А.Худойназаров билан учрашдик. У «12-мактабнинг таъмирга муҳтож қисмлари уч йилдан бери навбат билан таъмирлаб келинаётгани, аввал мактаб биносининг чап қаноти таъмирлангани, ўтган йили акфа дераза ромлари ва эшиклари ўрнатилиб, энди ўнг қанотининг том қисми ёпиб берилаётгани, мазкур ишлар учун жами 135 миллион сўм маблағ ажратилгани»ни маълум қилди.

Таъмир кечиккани билан боғлиқ саволга эса молия бўлими бошлиғи бу бўйича лойиҳа қонуний кучга киришини кутишганини билдирди ва яқин кунларда юқорида тилга олинган муаммолар бартараф этилишига ваъда берди.

Мавзуга оид