25 январ куни Халқ депутатлари Ангор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шоҳжаҳон Бекмуратович Абдуллаев вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Қосим Мардонов тасдиқланди.

Қосим Эсонович Мардонов 1975 йил 24 ноябрда Термиз туманида туғилган. 1997 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи.
2007-2020 йилларда Молия бошқармаси, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда фаолият юритган.
2020 йилдан буён Вазирлар Маҳкамаси Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибиятининг Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари бўйича бош мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
- Шоҳжаҳон Абдуллаев 2020 йил июлида Ангор тумани ҳокимлигига тайинланганди.
Шу куни Халқ депутатлари Термиз тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳам ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шуҳратжон Бекмаҳматович Ўринов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Шуҳрат Назаров тасдиқланди.

Шуҳрат Худойбердиевич Назаров 1968 йил 16 апрелда Шўрчи туманида туғилган. 1991 йил Тошкент халқ хўжалиги институтини, 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи, ҳуқуқ.
Ш.Назаров 2008-2022 йилларда солиқ органларида турли лавозимларда фаолият юритган.
2022 йилдан буён Чирчиқ шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган эди.
- Муқаддам кўп йиллар давомида Сурхондарё вилоятида прокуратура тизимида ишлаган Шуҳратжон Ўринов 2017 йилдан буён Термиз тумани ҳокими эди.
















