Ўзбекистон | 17:28 / 17.12.2018
4033
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Ҳиндистон тинч атом соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилди

Жорий йилнинг 13 декабрида «Ўзатом» агентлигида Ҳиндистон Республикасининг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Винод Кумар билан учрашув бўлиб ўтди. 

«Ўзатом» хабарига кўра, томонлар атом энергетикаси соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, шу жумладан, Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича лойиҳани амалга оширишда Ҳиндистон компанияларини маслаҳатчи сифатида жалб қилиш масаласини муҳокама қилишди. 

Шунингдек, ядро технологияларидан ноэнергетик фойдаланиш соҳаларида, шу жумладан, радиофармакология, рентген диагностикаси ва нурли терапия ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларга ишлов беришда фойдаланиш ҳақида ҳам сўз борди. 

Винод Кумарнинг таъкидлашича, бундай ҳамкорликни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи якунлари бўйича Ҳиндистон томонидан Ўзбекистонга ажратилган кредит линиясидан фойдаланиш имконияти мавжуд. 

Ушбу кредит линияси доирасида онкологик беморларни даволаш учун диагностик ва даволаш ускуналарини, шунингдек, маҳсулот сифатини ошириш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ишлов бериш учун ускуналарни етказиб бериш имкони яратилади. 

Учрашувда батафсил маълумотларни тақдим этиш ва масалаларни тегишли идоралар билан муҳокама қилиш бўйича келишувга эришилди. Ҳиндистон томони Ҳиндистон атом энергетикаси департаменти билан тўғридан-тўғри мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Мавзуга оид