19:20 / 17.12.2018
40383

Самарқандда бокс бўйича Ўзбекистон чемпионлари аниқланди

Самарқанд шаҳридаги олимпия захиралари тайёрлаш марказида катталар (эркаклар) ўртасида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати финал жанглари бўлиб ўтди.

2020 йилги Токио олимпиадасига тайёргарлик сифатида янгича 8та вазн тоифасида ўтказилган мамлакат биринчилигида ғолиблар аниқланди.

52 кг вазн тоифасида Тошкент шаҳрининг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили сифатида иштирок этган Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов финалда Тошкент вилоятининг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили Худойназар Файзовни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бронза медаллари фарғоналик Аброржон Қодиров ва Тошкент шаҳри вакили Нодиржон Мирзааҳмедовга насиб этди.

57 кг вазн тоифасида Тошкент шаҳри вакили Абдулҳай Шораҳматов Тошкент шаҳрининг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили Отабек Холматовни техник нокаутга учратди. Бу вазнда бронза медалларини Тошкент вилояти вакили Ҳасанжон Турдикелдиев ва фарғоналик Миразизбек Мирзахалилов қўлга киритишди.

63 кг вазн тоифасида Тошкент вилояти вакили Алиёр Нуралиев Тошкент вилояти Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакили, Осиё ўйинлари совриндори Шунқор Абдурасуловни техник нокаутга учратди. Бронза медалларига эса бухоролик Шукуржон Раҳимов ҳамда андижонлик Камробек Эшматов эга чиқишди.

69 кг вазн тоифасида Жиззахнинг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили, Осиё ўйинлари ғолиби Бобо-Усмон Ботуров яна бир Осиё ўйинлари ғолиби, андижонлик Иқболжон Холдоровни 3:2 ҳисобида енгиб чемпион бўлди. Учинчи ўрин шоҳсупасига эса фарғоналик Фазлиддин Мелибоев ва Тошкент вилоятининг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили Жаҳонгир Раҳмонов чиқишди.

75 кг вазн тоифасида Самарқанд шаҳри вакили Фанат Қаҳрамонов бухоролик Одилжон Аслоновни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, чемпион бўлди. Бронза медаллари тошкентлик Оқмурод Ғаффоров ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Отабек Турдихўжаевга насиб этди.

81 кг вазн тоифасида самарқандлик боксчи Хуршид Абдуллаев Тошкент вилояти Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакили Дилшодбек Рўзметов устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учинчи ўрин шоҳсупасига фарғоналик боксчилар — Козимбек Мардонов ва Акмалбек Қосимов чиқишди.

91 кг вазн тоифасида Тошкент вилояти Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакили Мадиёр Саидраҳимов Тошкент шаҳрининг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили, Рио-2016 Олимпиадаси совриндори Рустам Тўлагановни 4:1 ҳисобида енгди. Учинчи ўрин шоҳсупасига бухоролик боксчилар — Профсор Роримша ва Сардор Ёрмуҳаммедов чиқишди.

+91 кг вазн тоифасида бухоролик боксчи, Ички ишлар вазирлиги академияси тингловчиси Улуғбек Мубинов фарғоналик Обиджон Тоҳировни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бронза медаллари эса Тошкент вилояти «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили Мирзоҳиджон Абдуллаев ва фарғоналик Рустамжон Исмоиловга топширилди.

Ғолибларга медаллар, дипломлар билан биргаликда эсдалик совғалари ҳам топширилди.

 

 

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Top