18:29 / 18.12.2018
33122

Фуқаро Олий суддан нега норози?

Фото: Олий суд

Таҳририятга йўлланган мурожаатлар билан танишар эканмиз Ўзбекистон Республикаси Олий судининг эътиборсизлигидан норозилик ифодаланган шикоят диққатимизни тортди.

«Алоқа Инвест» масъулияти чекланган жамияти раҳбари вазифасида ишлаган Н.Ганиев ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми ва бошқа моддалари билан 2015 йил 21 сентябрда қўзғатилган жиноят иши қарийб 8 ой давомида тергов қилиниб, айблов хулосаси билан судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 16.12.2016 йилдаги ҳукми билан «Алоқа Инвест» МЧЖ раҳбари айбли деб топилади ва унга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чораси қўлланилади, айбланувчи томоннинг апелляция тартибидаги шикояти тегишли суд инстанциясининг ажрими билан ўзгаришсиз колдирилади.     

Ҳикоямиз мурожаат муаллифининг айбли ёки айбсиз эканлиги ҳақида эмас, балки унинг суд ҳукмига нисбатан йўллаган шикоятлари Олий суд томонидан кўриб чиқилишидан норозилиги ҳақида.  

Олий суддан нажот илинжида

Н.Ганиев ўзининг айбсиз эканлигини исботлаш мақсадида тегишли далилларни келтирган ҳолда 2018 йил 3 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят ёзади.

Шикоятга жавоб берилиши ортга сурилавергани сабабли 2018 йил 30 июнда Н.Ганиев ва «Алоқа Инвест» МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат йўлланади.

Ваҳоланки, Жиноят-процессуал кодекснинг 514-моддасига кўра, назорат тартибидаги шикоят бир ойгача бўлган муддатда, иш талаб қилиб олинадиган ва текшириладиган ҳолларда эса икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим.

Қарангки, виртуал қабулхонага йўлланган мурожаатга Олий суд судлов хайъати раисининг ўринбосари В.Назаровнинг имзоси билан 2018 йил 11 июл куни жавоб хати юборилади ва унда муаллифга жавобдан норози бўлган тақдирда Олий судга назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Шундан сўнг ҳикоямиз қаҳрамони ва «Алоқа Инвест» МЧЖ 2018 йил 17 июл куни виртуал қабулхонага жавобдан қониқмаганликлари тўғрисида такроран шикоят йўллайди.

Ушбу мурожаатга В.Назаровнинг имзоси билан 2018 йил 16 август куни йўлланган жавоб хатида Н.Ганиевнинг суд ҳукмидан норози бўлиб назорат тартибида ёзган шикояти Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўриб чиқилаётганлиги баён этилади.

Мазкур жавобдан ҳам кўнгли тўлмаган Н.Ганиев ва «Алоқа Инвест» МЧЖ адвокати орқали 2018 йил 25 август куни яна бир бор порталга мурожаат йўллайди. Ушбу мурожаатга ҳам Б.Назаров томонидан имзоланган, аввалги хатлардан унчалик фарқ қилмайдиган мазмундаги жавоб хати олинади.

Бироқ, Н.Ганиев ва унинг ишончли вакили томонидан 2018 йил 24 сентябрда Судьялар олий кенгашига йўлланган мурожаат бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан берилган жавоб хати, гарчанд Б.Назаров томонидан имзоланган бўлсада аввалгиларидан мутлақо бошқача мазмун касб этарди.

Қизиғи шундан сўнг бошланди.

Мазкур жавобда “Алоқа инвест” МЧЖ директори Ш.Асланов ва Н.Ганиевнинг 03.04.2018 йилдаги назорат тартибида йўллаган шикоятлари гуёки 2018 йил 27 май куни судья Б.Мўминовнинг ажрими билан рад этилганлиги, шунингдек, Олий суд жиноят ишлари буйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 8 сентябрдаги ажрими билан эса ҳукм ва апелляция инстанцияси ажримига ўзгартириш киритилганлиги баён этилган эди.

Таассуфки, агар 27 май санасида ҳақиқатдан ҳам ажрим чиқарилган бўлса, нима сабабдан 30 июн, 17 июл ва 28 августдаги мурожаатларга берилган жавоб хатларида бу ҳақида баён этилмаган.

Судьялар Олий кенгашининг 2018 йил 20 ноябрдаги жавоб хатига кўра судья Б.Мўминов ЖПКнинг 515-моддаси талабларини бузганлиги учун унга нисбатан интизомий таъсир чорасини кўриш учун ҳужжатлар Судьялар олий малака ҳайъатига юборилган.

Масаланинг яна бир таажжубланадиган жиҳати шундаки, Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 8 сентябрдаги ажримига кўра, Н.Ганиевнинг ҳуқуқлари унга мутлақо алоқаси бўлмаган “XIMOYA MANBAI» адвокатлар ҳайъати адвокати Б.Миркомилов томонидан, давлат ҳисобидан ҳимоя қилинган.

Ваҳоланки, Н.Ганиев шартнома тузиб, Г. Ахуновани адвокат сифатида ёллаган ва барча масалалар билан ушбу адвокат шуғулланаётган бир пайтда суд ажримида юқоридаги каби мантиқсизликка йўл қўйилган.

Н.Ганиев бу томонидан ёлланган адвокат бу вазиятда суд Жиноят-процессуал кодексининг 52-моддаси талабларига риоя этмаганлиги, яъни Н.Ганиев адвокат ёрдамидан воз кечмаган ва уни адвокат ёллашга моддий имкониятлари етарли бўлганлигини таъкидлайди.

Ҳимоячининг арзлари

Мавжуд масала юзасидан Н.Ганиевнинг жамоавий ҳимоячиси ва «Алоқа Инвест» МЧЖ вакили Ш.Н. Ботиров шундай дейди: “- Бу ишлар атайин қилинди, агар ўша вақтда суд мажлиси ўтказилса қўлимизда ҳукмни асоссиз эканлигига оид далиллар мавжуд эди ва суд мажлисида ҳақиқат ошкор этилиши  ва ҳукм бекор бўлиши мумкин эди. Шунинг учун суд мажлиси ишдаги иштирокчиларнинг ҳеч кимга, шу жумладан Н.Ганиевга, билдирмай бизнинг иштирокимизсиз ўтказилган.

Агар судда қатнашганимизда, суд залида биз тергов ва суд томонидан йўл қўйилган процессуал камчиликларни ҳам кўтармоқчи бўлар эдик.

Масалан, дастлабки тергов жараёнида процессуал муддатлар бузилган. Жиноят-процессуал Кодексининг 351-моддасига кўра, дастлабки тергов иш қўзғатилган кундан эътиборан 3 ой муддатда ўтказилади. Бу муддат тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ёки вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва унга тенглаштирилган прокурор томонидан 5 ойгача узайтирилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан эса 7 ойгача узайтирилиши мумкин. Лекин, иш ҳужжатлари ичида бундай узайтириш учун на Тошкент шаҳар прокурори, на Бош прокурор ўринбосарларининг илтимосномаси ва розилиги йўқ. Шу сабабли, тергов берган далиллар номақбул деб эътироз билдирган бўлар эдик.

Ўз ҳуқуқлари Олий суд томонидан етарли даражада таъминланмаган фуқаролар Судьялар одоб-аҳлоқ кодекси талабларини бузган судьяга нисбатан тегишли интизомий таъсир чорасини қўлланилиши билан бир вақтда уларнинг назорат тартибидаги шикояти ҳам эътибордан четда қолиб кетмаслигига умид боғламоқдалар.   

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Баҳодир Аҳмедов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top