Жаҳон | 22:00 / 18.12.2018
17678
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон иқтисодиётининг таянчи ёхуд мигрантлар ҳақида қизиқарли рақамлар

БМТ Бош ассамблеясининг таклифига биноан 2000 йилдан буён ҳар йили 18 декабрь Халқаро мигрантлар куни сифатида нишонланади. 1990 йилнинг худди шу кунида БМТ Бош ассамблеяси Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилганди.

БМТ бош котиби барча давлатларни бир неча бор мазкур конвенцияга қўшилишга чақирган. Бош котибнинг таъкидлашича, жаҳон иқтисодиёти меҳнат мигрантларига боғлиқ бўлиб, уларсиз жамият қашшоқлашиб кетган бўларди.

Бу ва бошқа маълумотларни қуйида келтириладиган рақамлардан ҳам билиб олиш мумкин.

244 миллион мигрант ва 6 трлн доллар

БМТ статистикасига кўра, 2017 йилда дунё бўйича халқаро мигрантлар сони 244 миллион нафарни ташкил этган.

Жаҳон банкининг норасмий статистикасига кўра, 2017 йилда бутун дунёдаги меҳнат мигрантлари жўнатган пул миқдори 613 466 миллион долларга тенг бўлган. Меҳнат мигрантлари жўнатадиган маблағлар айрим давлатлар иқтисодиётининг каттагина қисмини ташкил қилади. Масалан, 2016 йилда Тожикистон ЯИМ 7 млрд доллар атрофида бўлган, ўша йили тожикистонлик меҳнат мигрантларининг Россиядан ўз ватанларига жўнатган пул ўтказмалари миқдори 1,9 млрд долларга тенг бўлган.

Мигрантлар учун севимли давлатлар

Фото: Twitter

Канаданинг миграцион тадқиқотлар билан шуғулланувчи IMMIgroup ташкилоти маълумот беришича, Филиппин ноқонуний мигрантлар учун энг жозибадор мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу ерда Хитойдан келган 100 мингдан ортиқ ноқонуний мигрант бор. Малайзияда эса ноқонуний мигрантлар сони 800 минг нафарга етади. Таққослаш учун, Канадада ноқонуний мигрантлар сони 2018 йилда 35 000 ва 120 000 орасида бўлган. Германияда эса 1 млн атрофида.

2013 йилда Британияда 1,8 миллион иммигрант оила ижтимоий бошпана олиш учун навбатда турган. Кейинги ўн йил давомида Британияга келган 4 миллион иммигрантдан 470 мингга яқини ижтимоий бошпана олган.

Исроил деярли буткул мигрантлар ва уларнинг авлодларидан ташкил топган. Миграциянинг биринчи тўлқини 1882-1903 йилларда юз берган. Исроилда Яман, Марокаш, Россия, Эфиопия, Эрон, Марказий Осиё, Европа ва Америка давлатларидан келганлар истиқомат қилади.

Жанубдан шимолга борувчи катта ёшли мигрантлар барча мигрантларнинг 40 фоизини ташкил этади. Мигрантларнинг 33 фоизга яқини жануб давлатлари ўртасида кўчиб юради, 22 фоизи шимол давлатлари ўртасида юрса, 5 фоизи шимолдан жанубга боради.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти тадқиқотлари натижаларидан маълум бўлишича, мигрантлар ички бозорни кенгайтиришади ва бир иш ўрнини банд этиш билан бирга яна бир иш ўрнини яратишади. Қўшма Штатларда 2007 йилдан 2013 йилгача иқтисодий ўсишнинг учдан бир қисми иммигрантлар улушига тўғри келган.

«Яшил карта» (green card) — АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи бу ҳужжат 1950-йилларда жорий этилган бўлиб, ўша пайтда у яшил рангда бўлган ва шу боис «яшил карта» номи қолиб кетган.

Меҳнат миграцияси Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан қабул қилинган ва 1949 йилда қайта кўриб чиқилган «Меҳнат мигрантлари тўғрисидаги конвенция» билан тартибга солинади.  
Ўзбекистон ва миграция

2018 йил январидан сентябрь ойига қадар Россияга Ўзбекистоннинг 3 миллион 400 мингдан зиёд фуқароси кириб келган бўлиб, уларнинг 1 573 791 нафари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун борган.

2018 йилнинг январь-сентябрь ойлари мобайнида Қозоғистондан Ўзбекистонга пул жўнатмалари миқдори 84,6 млрд тенгени (225,1 млн доллар) ташкил этган.

2018 йилнинг учинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга жисмоний шахслар тўлов тизимлари орқали 929,1 миллион доллар ўтказишган. 

Россиядан Ўзбекистонга ўртача пул жўнатмаси 490 долларни ташкил этган

Шу йилнинг 28 ноябрь куни Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлди.
 

Мавзуга оид