Петербургда меҳнат мигрантларининг 7 мингдан ортиқ патенти бекор қилинди
Бу йил патентлар ўтган йилга қараганда анча кўп бекор қилинаётгани қайд этилган.
2024 йилнинг саккиз ойи давомида Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция департаменти Санкт-Петербургда мигрантларнинг 7119 та патентини ва Ленинград областида яна 5961 та патентини бекор қилди.
Қайд қилинишича, бу йил патентлар ўтган йилга қараганда анча кўп бекор қилинмоқда. Масалан, 2023 йил давомида Санкт-Петербургда 1723 та патент (фарқ 4 баравардан ортиқ), Ленинград областида эса 374 та (2024 йил январ - август ойларига нисбатан деярли 16 баравар кам) бекор қилинган эди.
Патент - бу Россиянинг бир субъекти доирасида маълум бир соҳада 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат. Уни олиш учун хорижлик бир қатор ҳужжатларни, жумладан, рус тилини ва Россия қонунчилиги асосларини билишини тасдиқловчи ҳужжатларни, миграция картасини, тиббий суғуртани ва шахсий гувоҳномани тақдим этиши керак. Шунингдек, Россияда патент бўйича ишлаётган чет эл фуқароси даромад солиғини олдиндан белгиланган миқдорда тўлайди. 2024 йилда Санкт-Петербург ва Ленинград областида бу миқдор 4600 рублни ташкил қилади.
«Россия Федерациясида чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида» қонунга мувофиқ, агар мигрант ўзи ҳақида ёлғон маълумот берган бўлса ёки унга нисбатан жиноят содир этганлик учун суд ҳукми қонуний кучга кирса, агар мигрант гиёҳванд моддаларни истеъмол қилса, ОИВ билан касалланган бўлса, «Россия Федерацияси конституциявий тузумининг асосларини зўравонлик билан ўзгартиришни қўллаб-қувватласа» ёки «террористик ҳаракатларни режалаштирса» патент бекор қилиниши мумкин.
Қайд этилишича, 2024 йил январ-июл ойларида Россия бўйича берилган патентлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60 фоизга ошган (1 миллион 130 минг 718 тага).
Мавзуга оид
21:00
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
21:22 / 04.10.2024
Россияда ноқонуний миграция тугатилгани эълон қилинди
20:51 / 04.10.2024