Ўзбекистон | 14:49 / 20.12.2018
30349
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлиги сайтида бўш иш ўринлари бўлими ишга тушди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ўзининг расмий веб-сайти (www.uzedu.uz)да халқ таълими соҳасидаги бўш иш ўринлари бўлимини ишга туширди. 

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, айни вақтда лойиҳа фақат Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган ташкилотлар иштирокида синовдан ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига раҳбар ва педагог ходимларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини татбиқ этиш йўли билан халқ таълими тизимида кадрлар сиёсатини шакллантиришнинг замонавий тамойилларини жорий этиш вазифаси юклатилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги раҳбар ва педагог кадрларни тўғри танлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишдаги илк қадамлардан бири сифатида вазирлик расмий веб-сайтида халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш маркази ва вазирликнинг Ходимлар билан ишлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган янги бўлим – бўш иш ўринлари бўлимининг ишга туширилиши бўлди.

Ҳозирда ish.uzedu.uz сайтига ташриф буюрувчилар Тошкент шаҳридаги мактаблар, халқ таълими бошқармалари, шунингдек Халқ таълими вазирлигининг республика ташкилотларидаги бўш иш ўринлари билан танишишлари мумкин. Синов муваффақиятли якунлангач, мазкур тизим Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади.
Янги тизим ёрдамида Ўзбекистон аҳолиси халқ таълими тизимида бўш иш ўринлар ва лавозимга қўйиладиган талаблар билан танишишлари, ўз резюмеларини махсус форма орқали юборишлари мумкин. Шу билан бирга сайт вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларидаги бўш иш ўринларининг статистикасини ҳам кўриш имконини беради.

Бу ҳақда Ходимлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Азиз Каримов қуйидагиларни таъкидлади: "Ушбу веб-сайтни ишга тушириш орқали халқ таълими тизимида ходимларни тўғри танлаш ва ишга олишда ҳамда талабнома берувчилар ўртасидаги танловда шаффофликни таъминлаш учун биринчи қадамни қўйдик. Эндиликда битта бўш жой учун бир нечта номзод мавжуд бўлса, бизда энг яхшисини танлай олиш имконияти пайдо бўлади".

Тизим тўлиқ ишга тушгач, барча мактаблар ва халқ таълими бошқармалари, шунингдек, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ташкилотлар бўш иш ўринларига ходимларни вазирлик расмий веб-сайтининг янги бўлими орқали ишга қабул қилиши керак бўлади. Ходимни ишга қабул қилишда янги тизимни четлаб ўтган халқ таълими тизими раҳбарлари лавозимидан озод қилинишгача бўлган жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ходимлар билан ишлаш бошқармаси ўз фаолиятида замонавий технологиялардан фаол жорий этмоқда. Жумладан, бошқарма ходимлари томонидан халқ таълими тизимининг турли ташкилотлари раҳбарлик лавозимига энг яхши мутахассис кадрларни саралаш мақсадида номзодлар билан онлайн интервьюлар ўтказиш тажрибаси йўлга қўйилди.

Мавзуга оид