Ўзбекистон | 01:54 / 21.12.2018
33400
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга ташриф буюраётган хорижликларнинг аксарияти қайси давлат фуқаролари? 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ахборот-таҳлил бошқармаси сўровномасига кўра, Марказий Осиёдан Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳларнинг асосий қисмини Қозоғистон фуқаролари (24,1 фоиз) ташкил қилмоқда. МДҲ мамлакатлари респондентларининг аксарияти эса - Россия Федерациясидан (11,3 фоиз). Kun.uz мухбири "Туризмнинг оқ китоби 2018"да тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Шунингдек, манбага кўра, Осиё-Тинч океани минтақаси (ОТОМ)дан Ўзбекистонга келувчиларнинг кўпчилиги Хитой фуқаролари (3,4 фоиз)дан иборат. Франциялик меҳмонлар (2,3 фоиз) эса Европа мамлакатлари орасидаги энг йирик сегмент ҳисобланади. Яқин Шарқда бу - Туркия (1,9 фоиз), Шимолий Америкада эса - АҚШ (1,2 фоиз).

Бундан ташқари, маълум қилинишича, 35 ёшдан 45 ёшгача бўлган кишилар Марказий Осиё (29,4 фоиз), МДҲ (33,8 фоиз) ва ОТОМ (30,0 фоиз) мамлакатларидан ташриф буюрувчи респондентлар орасида кўпчиликни ташкил қилади. Европалик сайёҳларнинг асосий қисми эса 55 ва ундан катта ёшли кишилардан иборат. 

Сўровномада қатнашган иштирокчиларнинг жавобларига кўра, Ўзбекистонга ташрифдан асосий мақсад таниш-билишлар ва қариндошлар билан кўришиш, бу умумий кўрсаткичнинг 39,4 фоизини ташкил қилади. 33,6 фоиз респондент Ўзбекистонга ташрифдан мақсад меҳнат таътили, дам олиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш эканини маълум қилган. 

Туристларнинг катта қисми (57,2 фоиз) жамоа бўлиб саёҳат қилишни афзал кўради. Марказий Осиё ва МДҲ туристларининг ярми (50,5 ва 46,0 фоиз) ёлғиз саёҳат қилишни маъқул кўрса, Шимолий Америка мамлакатлари сайёҳларининг 85 фоизи, ОТОМ сайёҳларининг 81 фоизи, Европа туристларининг 78,1 фоизи ва Яқин Шарқ мамлакатлари сайёҳларининг 72,0 фоизи Ўзбекистонга жамоавий саёҳат қилган. 

Сайёҳларнинг Ўзбекистонга ташрифига энг кўп дўстлари ва оила аъзоларининг тавсиялари туртки бўлган, сўровномада қатнашганларнинг 54,3 фоизи шундай жавоб берган. Ундан кейинги таъсир манбалари сифатида ижтимоий тармоқлар (16,6 фоиз), газета ва журналлардаги Ўзбекистон ҳақидаги мақолалар (15,8 фоиз), телевизион ҳужжатли фильмлар ва янгилик дастурлари (14,7 фоиз) қайд этилган. 

Мавзуга оид