Ўзбекистон | 08:38 / 24.12.2018
29521
12 дақиқада ўқилади

Нафақадаги шифокорларнинг додини ким эшитади?

Фото: Pixabay

Кun.uz сайти почтасига ўзларини қийнаб турган муаммолар юзасидан кўплаб фуқаролар мурожаат йўллашади. Қуйидаги мактубни жўнатган муштарий нафақат ўзи ва оиласини, балки жуда кўпчилик собиқ шифокорлар, ҳозирги кунда пенсионерларнинг дардини ёритган. Мактуб мазмуни сақланган ҳолда жузъий таҳрирлаш билан тақдим этилмоқда.

«Мурожаатим орқали Соғлиқни сақлаш вазирига, Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси раисига ўз фикрларимни билдирмоқчиман.

Мен республикамиздаги кўп сонли нафақадаги шифокорлардан бириман. 73 ёшдаман, деярли 40 йил мобайнида турли лавозимларда ишлаб, охирги 18 йилдирки, меҳнат нафақасидаман. Бундан икки йил олдин ҳаётимда биринчи марта ёшга боғлиқ урологик хасталик билан вилоят касалхонасига ётиб даволаниш зарур бўлиб қолди. Озроқ бўлса ҳам моддий томондан ёрдам бўлишини кўзлаб, яшаш жойимдаги тиббиёт бирлашмасидан ордер олиб, вилоят шифохоналаридан бирида 15 кун даволаниб чиқдим.

Анча вақтдан кейин билишимча, яшаш жойимдаги тиббиёт бирлашмасига прокуратурадан текширувчилар келиб, ўша ордер менга нотўғри берилганини билдиришган ва кам таъминланганлар тоифасига кирмаганлигим учун ордер берган шифокорнинг устидан далолатнома ёзиб, маъмурий жазога тортишган экан.

Бечора шифокор узоқ йиллар бирга ишлаганимиз ва мени маълум даражада ўзининг устози деб билиб, ёрдам қилгани учун жазо олган экан!

Барчага маълумки, прокуратура ходимларининг ўзлари ҳам, ҳокимиятларда ишловчи мулозимлар ҳам кам таъминланганлар ҳисобига киришмайди. Лекин улар нафақат ўзлари, балки оила аъзоларини ҳам бир сўм сарфламай даволатишади-ку?! Бундан ташқари, ИИБ ходимлари, темирйўл хизматчиларининг ҳам ўз поликлиникалари, шифохоналари, ҳаттоки санаторийларига эга. Улар ва уларнинг оила аъзолари керакли пайтда шифохоналарда бепул даволанишади, ҳар йили санаторийларда дам олишади, нафақага чиққанлари ҳам айтилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишади. Энг ҳайрон қоларлиси шундаки, бу санаб ўтилган «юқори мартабали» мулозимлар ва фуқароларга ҳам даволанишларида, санаторийларда дам олишларида шифокорлар хизмат килишади. Лекин шифокорлар ўзлари зарурат туғилганда шифохоналарда пул тўлаб, дори-дармонларни ўз пулига сотиб олиб даволанишади. Ҳатто марказий шифохоналарда даволанишлари учун ордер олишлари ҳам мумкин эмас экан.

Ҳеч бўлмаса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан марказий шифохоналарда, поликлиникаларда тиббиёт ходимлари навбатсиз қабул қилинсин, деган кўрсатма ҳам чиқарилмаган. Натижада, вилоятлардаги ва пойтахтдаги тиббиёт муассасаларига даволаниш ёки маслаҳат (консультация) учун келган, кексайиб, ўзлари беморга айланган шифокорлар навбат кутиш билан эртадан кечгача сарсон бўлишмоқда. «Бўзчи белбоққа ёлчимайди», деганлари шу бўлса керак-да...

Бунинг исботи сифатида қуйидагиларни диққат билан ўқинг.

2017 йили рафиқамни (у киши ҳам 30 йил врач булиб ишлаган, ҳозир 72 ёшда, иккинчи гуруҳ ногирони) Тошкент шаҳридаги травматология ортопедия илмий текшириш институтига чап оёқ тизза бўғимидаги кучли оғриқ билан аниқ ташхис қўйдириш ва даволатиш учун олиб бордим.

Кечаси билан уйқусиз йўл юриб, эрталаб соат 8:00да рўйхатхонага етиб келдик. 15–20 дақиқа навбатда турдик, кейин ультра товуш текшируви (УЗИ) хонасига кириш учун 1,5 соат навбат кутдик. УЗИ хулосаси учун кассага пул тўлашга яна 15 дақиқа навбатда туришга тўғри келди. УЗИ хулосасини олиш учун яна ярим соат кутдик, энди врач қабулига кириш учун яна 35–40 дақиқа навбат. Қабул қилган врач эса такси 15 000 сўмга олиб борадиган манзилдаги МРТ (магнит резонансли томография)га жўнатди.

Хуллас, жами булиб 3 соат ҳар хил навбатларда турганимиздан кейин таксига ўтириб, МРТ қилдирадиган жойга 1 соатда етиб бордик, у ерда жуда мулойимлик билан компьютер рўйхатига олишди, кассага пул тўлаб, кеч соат 17:00да, яъни 4 соатдан кейин навбатимиз келишини айтишди. Аслида УЗИ қилингандан сўнг МРТга зарурат йўқ эди — мен ўзим врач бўлганим учун буни яхши билар эдим. Лекин пойтахтдаги врачга ақл ўргатишдан ўзимни тийдим.

Бир иложини қилиб, 2 соатдан кейин (бизни юборган врачнинг қўнғироғидан сўнг) МРТга ҳам тушиб, хулосасини 40 дақиқа кутиб, ниҳоят олдик. Яна таксига чиқиб қайтиб келсак, ҳалиги врач қабулига иккинчи марта кириш учун қайтадан навбатга туришимиз керак экан, ичкарига қўйишмади.

Оёғи юришга ярамайдиган 72 ёшли бемор билан эрталабдан кечгача сарсон бўлган менинг аҳволимни кўз олдингизга келтиринг. УЗИга, айниқса, зарурати бўлмаган МРТ қилдириш учун узоқ йўлга 2 соат сарфлаб бориб, яна 2,5 соат навбат кутишни ва унга беҳуда тўланган пулларни айтмайсизми? Ахир биз иккаламиз ҳам узоқ муддат, 30–40 йил ишлаб нафақага чиққан врачлармиз-ку?!

Шундан кейин асабим чидамай тортишишга мажбур бўлдим ва бўлим бошлиғини чақиришларини талаб қилдим. У аёлнинг аралашуви билан врач қабулига қайта киришга эришдик. Қайта кўрган врач тизза бўғимига эндопротез (металлдан ясалган сунъий бўғим) қўйиш лозимлиги, бундай эндопротезни қандайдир хусусий корхонадан 4.000 долларга сотиб олишимиз кераклигини тушунтирди. Мен эса бунга имкониятимиз йўқлигини айтдим. Охирги натижа эса 3–4 хил дори ёзиб бериш билан якунланди ва ўша куни кечқурун водийга қайтдик. Ҳозир чап оёқ тиззаси букилмайдиган бўлиб қолган турмуш ўртоғим энди Тошкентга боришни умуман хоҳламайди.

Нима учун ўша МРТ аппарати травматология-ортопедия илмий текшириш институтининг ўзида йўқ? Ахир бу институт юртимизда ягона ва бу ерга бутун республикамиздан беморлар келишади-ку?! Бизга ўхшаган бошқа вилоятлардан келган беморларни эса, врач қўлида аниқ ташхиси ёзиб берилган сифатли УЗИ натижаси (қоғозга туширилган бўғим сурати) бўлса-да, тизза бўғимини қайтадан текширтириш учун узоқ масофада жойлашган, кимнингдир хусусий МРТсига юборишлари, сизларга билмадиму менга ғалатироқ туюлди (бош мия, орқа мия ва ички аъзоларнинг чуқур қисмларини текшириш бошқа масала).

Ўша, бизга тавсия қилинган эндопротезни эса травматология илмий текшириш институти ўзи чет элдан тўғридан-тўғри, ўртадаги хусусий корхонани аралаштирмай олиб келса, беморлар учун нархи сезиларли даражада арзон бўлиши аниқ. Фикримча, ё бу институтда беморлар манфаатини кўзлаб ҳаракат қиладиган раҳбар йўқ, ёки ўша хусусий корхона бу ерда ишлаётган раҳбарлардан бирортасига тегишли. Шунинг учун шундай давом этиши «маъқулроқ» шекилли. Тўғрисини айтсам, 30–40 йил давомида беморларнинг дардини енгиллаштириш ва уларни даволаш мақсадида арзимаган ойлик маош эвазига кечаю-кундуз меҳнат қилиб, ёшимиз кексайиб ўзимиз тиббий ёрдамга муҳтож булиб қолган давримизда, бизга нисбатан юқорида айтилгандай муносабатда бўлишса, алам қилар экан.

Яна ҳам ажабланарли ҳолатлардан бири шуки, менинг келиним 20 йилдан бери шифохоналардан бирида (кўпчилик қатори) ўрта тиббиёт ходими бўлиб ишлайди. Амалдаги қоидалар бўйича улар ҳар 6 ойда, 1 йилда ҳар хил лаборатория текширувларидан (баъзилари учун вилоят марказига икки марталаб бориб келиш керак), йилда бир марта эса умумий тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Табиийки, ҳозир барчасига пул тўланади. Буларнинг охирида «ишлашга рухсат» олиш учун яна пул тўлаш керак. Буни қаранг, ўрта тиббиёт ходими ўзи арзимаган 300–350 минг сўм маошга ишлашига қарамай, давлат тиббий муассасасига кўрсатилган хизмат учун пул тўлаши керак!

ОИВга текшириш — 38.000 сўм, ДСЭНМдаги анализларга — 66.500 сўм, RV-га ва рентгенга — 42.500 сўм, тиббий кўрик учун — 15.000 сўм ва ҳ.к.) ва бу нархлар ҳар йили ошиб боради. Бундай «олижанобликлар»ни қайси «олтин каллали» раҳбар ўйлаб топган, ҳайронман? Бечоралар бир ойда атиги 2–3 марта, баъзан 4 марта 15 соатлик навбатчиликка боришади. Бу бор-йўғи 0,25 ставкани, пул ҳолида эса 300–350 минг сўмни ташкил қилади, холос. Оладиган маошлари ишхонадаги ҳар-хил пул йиғишларга ва йўлкираларига зўрға етади. Ўзига, уйига, рўзғорига бола-чақасига эса ҳеч нарса қолмайди. Ҳаттоки, навбатчилик даврида ейдиган озиқ-овқатларини ҳам уйдан олиб кетишади.

Юқоридаги «пуллик хизматларни ихтиро» қилган раҳбарларларнинг тиббиёт соҳасидаги вазиятдан умуман хабарлари йўққа ўхшайди. Уларга пойтахтдаги ҳашаматли кабинетларида савлатини намойиш қилиб ўтирмасдан, ҳеч бўлмаса бирор-бир буйруқни чиқаришдан аввал вилоят ва туманларга чиқиб, ҳақиқий вазиятни ўрганишлари кераклигини эслатиб қўймоқчиман.

Тўғри, ортиқча ўрта тиббий ходимларни қандай банд қилиш керак, деган табиий савол туғилади. Буни анча йиллар олдин «катта, ақлли» раҳбарлар ҳисоб-китоб қилишлари ва бундай ходимларга эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда тиббиёт коллежларига қабул қилинадиган талабалар сонини мувофиқлаштиришлари лозим эди. Энди ҳозирги иш ўринлари етишмай битта иш ўрнига 4–5 нафар ходим тўғри келиб турган (кўпчилик дипломли ҳамширалар ишсиз, ёки савдо-сотиққа чиқиб кетишган) даврда ҳам коллежлардан худди конвейердан чиқаётгандай ўрта тиббиёт ходимлари чиқарилиши давом этиб, қанчадан-қанча давлат маблағлари беҳуда сарфланмоқда.

Юқорида айтилганлар асосида қуйидаги таклифларимга ўз фикрларингизни билдирасиз деб умид қиламан:

1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан барча тиббиёт муассасаларида тиббиёт ходимлари ва уларнинг оила аъзолари навбатсиз қабул қилиниши ва бу масалада тегишли ёзувлар илиб қўйилиши тўғрисида кўрсатмалар берилиши;

2. Тиббиёт соҳасида ишлаётган ходимлар, ишлаб нафақага чиққан ва ногирон бўлган ходимларга барча тиббий хизмат турлари (даволаниш, тиббий кўриклардан ўтиш, ҳар хил таҳлиллар, рентген, лаборатория хизматлари ва ҳ.к.) ҳеч қандай тўловларсиз бажарилиши;

3. Нафақага чиққан тиббиёт ходимларини алоҳида рўйхатга олиб, касаба уюшмалари томонидан навбати билан йилига бир марта санаторийларга бепул йўлланмалар берилиши;

4. Барча тиббиёт муассасаларида ишлаётган ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари сонини белгиланган иш ўринларига нисбатан таққослаб қайта кўриб чиқиш, ҳеч бўлмаса нафақага чиқишига амалдаги қонун буйича 10 йил қолган ходимларнинг иш соатларини энг камида 1 ставка миқдорида таъминлаш чораси иложи борича тезроқ кўриб чиқилиши;

5. Ҳозирги даврда ниҳоятда кўпайган хусусий УЗИ, МРТ, қон таҳлили ва шунга ўхшаш ташхис қўйишга алоқадор бўлган аппаратлар эгалари — «тиббий тадбиркорлар» томонидан ёрдамга муҳтож бўлиб қолган бемор инсонлар ноиложлигидан фойдаланган ҳолда ўзлари истаган нархларни қўйиб ташланишидан ҳимоя қилиниши, яъни, кўрсатиладиган хизматлар нархини маълум доирада, керакли ҳисоб-китобларга (мониторинг) асосланган ҳолда чегаралаб қўйиш керак, деб ҳисоблайман.

Мен бу гапларни ўзимнинг мисолимда барча тиббиёт ходимларининг манфаатларини, ҳуқуқларини қандайдир даражада ҳимоя қилиш мақсадида ва тиббиёт соҳасини бошқараётган кўпчилик раҳбарларга ва ҳозир шу соҳада ишлаб турган ёшларга улар ҳам вақти келиб нафақага чиқишлари, кексайган пайтларида ўзлари ва оила аъзолари ҳам худди биз сингари ҳолатларга тушишлари мумкинлигини эслатиб қўйишни бурчим, деб ҳисобладим.

Яҳёжон АКБАРОВ,
Асака тумани».

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид