Light | 19:16 / 25.12.2018
54924
10 дақиқада ўқилади

Корея кундалиги. Ўқишга жўнаб кетишнинг илк таассуротлари

Фото: Pinterest

Дунёнинг шубҳасиз инновацион давлатларидан бири - Жанубий Корея йилига юз минглаб хорижий талабаларни ўз бағрига жамлайди. 2017 йилда мамлакат халқаро талабаларни қабул қилиш бўйича рекорд ўрнатган. Мамлакат Таълим вазирлигининг статистикасига кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида 124 мингга яқин талаба Кореяга келган бўлиб, улардан 2716 нафарини ўзбекистонликлар ташкил этади.

Кореяда ўқиш истагини билдираётган ўзбек ёшлари йилдан-йилга кўпайиб бораётгани янгилик эмас. Шу жумладан, мен ҳам магистр даражасини олиш мақсадида мазкур давлатга отландим.

Хорижда ўқиш жараёни, ўзга юртдаги ижтимоий муҳит ва ҳамюртлар ҳаёти барчани бирдек қизиқтириши табиий. Шу сабабдан Kun.uz «Корея кундалиги» рукнини йўлга қўймоқда. Бунда ўқувчилар Корея Республикаси ва у ердаги ватандошларимизга оид турли мавзулардаги мақолаларни ўқиб боришингиз мумкин.

Ўқишга қабул қилиниш бу – сиз Кореядасиз, дегани эмас

«Чет эл билим юртларига ўқишга кираман ва учиб кетаман...» Худди мен каби, аввалига кўпчилик буни оддий жараён деб тахмин қилгани турган гап. Бир қарашда ҳаммаси содда ва тушунарлидек, аммо бюрократик машмашаси биз ўйлагандан кўп. Ўқишга кириш жараёни – бир, жўнаб кетиш эса алоҳида бир ҳикоя экан.

Кореяда таҳсил олмоқчи бўлган ёшлар учун таълимнинг асосан уч кўриниши мавжуд: корейс тили курслари, бакалавриат ва магистратура. Билимингиз хориждаги университет томонидан тан олингач, қуйидаги бир олам ҳужжатни йиғиш учун 1-2 ойлик «борди-келди»ни бошлайсиз: ОВИР, диплом апостиль, ота-онанинг йиллик даромади ҳақидаги маълумот нотариал идораларнинг тасдиғидан ўтган таржимаси билан, банкдан контракт тўловчининг ҳисобида камида 20-30 минг АҚШ доллари борлигини исботловчи ҳужжат...

Навбат олиш учун навбатга туринг!

Корея Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси атрофи иш кунларида кичик бозорчадек доим гавжум бўлади. Шунинг учун бўлса керак, ИИВ ходимлари бошқа элчихоналарга қараганда кўпроқ бириктирилган. Кимдир виза олиш учун, яна бошқаси суҳбатдан ўтиш мақсадида келади. Бу борада тажрибаси катта ҳамюртларимизнинг айтишича, мисол учун, сешанба куни элчихонага кирмоқчи бўлсангиз, душанба куни соат 23:00ларда бориб навбат олиб қўйишингиз керак экан.

Мен ҳам худди шундай йўл тутдим. Соат 22:30да ишдан чиқиб, тўғри элчихонага бордим. Афсуски, навбат олиш насиб қилмади. Элчихонани қўриқлаб турган, шартнома асосида ишловчи ички ишлар ходими бу каби норасмий навбат олиш тартиблари бугун бекор бўлгани, эртаси куни эрталаб келишим кераклигини айтди. Таксида уйга қайтарканман, ярим йўлда дўстим қўнғироқ қилиб, иккимизни 22- ва 23-навбатга ёздириб қўйганини айтди. «Қандай қилиб?» деганча қолавердим. Афтидан, бу тартиб одат тусига айланиб улгурган. Вилоятлардан келаётган фуқаролар ҳам шу тақлид навбатга ёздириб қўйишни унутган бўлишса, катта эҳтимол билан эртасига иши ўнгидан келмайди.

Маҳалла аҳли фуқароларнинг шовқин-суронидан норози

Соат 9да иш бошлайдиган элчихонага тонг саҳар 6дан етиб бордик. Навбат учун рўйхат ҳамон тўлдириляпти, 351-тартиб рақамга келган. Кўп қаватли турар жойлар орасида тумонат одам йиғилди.

 Корея элчихонаси (17.08.2018)

Аввалига маҳаллада истиқомат қилувчиларнинг навбат кутиб турган фуқароларга нисбатан салбий муносабати ғашимни келтирди. Сўнг уларни ҳам тушунишга уриндим: ҳар куни 400-500 киши бир жойда ўралашади, суҳбатлашади, писта чақади ва ҳоказо.

Ҳудудда кутиш учун махсус жой йўқ ёки бу қадар кўп сонли фуқароларга бир пайтнинг ўзида хизмат кўрсатиш ҳисобга олинмаган. Элчихона ҳудудида тахминан 50 киши учун мўлжалланган кутиш майдончаси бор, у ерга кириш учун рухсат фақатгина иш вақти бошланишига 30 дақиқа қолганда берилади.

Элчихонада ишловчи корейс ходимларнинг этикаси эса мақтовга арзийди: кутиб турганларга нимтабассум билан, кўзлар ва таъзим орқали кўришиб элчихонага кириб кетишди.

Ичкарида эса ҳужжатларимизни ўзбек қизлари қабул қилишди: чеҳраси қанчалар чиройли бўлса, муомаласи шунчалик хунук эди, афсуски. Назаримда, Кореяга «одам жўнатавериб» зерикишган. Халқимиз хўп андишали; иши тезроқ, муаммосиз битиши илинжида ҳурматсизликка ҳам хижолат-аралаш кулиб жавоб қайтараверди.

Яриморолга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» орқали учиб кетдик, аэропортда ортиқча муаммо юзага келмади.

Аннеонг, Кореа! (Салом, Корея!)

Аэропортга қўнишимиз билан корейсча тартиб-интизом эътиборимизни тортди. Жамоат транспортлари белгиланган йўналиш, аниқ вақт билан ҳаракатланади. Автобусда Инчеондан Бусанга йўл олдик. Ҳатто автобуслар Wi-Fi билан таъминланган.

Айтсам ишонмайсиз, салкам 6 соатлик муддатда, транспортларнинг йўналишдаги ҳаракатларини кузатдим – бирор марта автомобиль сигнали қулоққа чалинмади. Ҳатто 5-10 дақиқалик тирбандлик ҳам ҳайдовчининг тоқатсизлигига, жиғибийрон бўлишига сабаб бўлмади: «No signal».

Мен бўлсам, кўнглим торайиб, портлаб кетай дедим. Бу халқ одамлари ўз асабини астойдил парваришлар экан, деган илк таассурот қолди.

Culture shock ўз сўзини айтди

Одамларнинг бир-бирига муносабати эътирофга лойиқ: ҳар қандай буюм ёки пулни узатишда ва қабул қилишда икки қўл ҳам қатнашиши керак. Шифохонада, кассаларда ва ҳоказо хизмат кўрсатиш масканларида навбат масаласи ҳавас қилгудек. Мансаб ва ёшнинг катта-кичиклиги умуман аҳамиятсиз, бирин-кетинликда навбатга қараб иш кўрилади. Мана маданият. Лекин баъзида жамоат жойларидаги, айтишга тил бормас ҳаракатларини кўриб, «Эҳ маданиятсизлар» деган ўй ҳам хаёлингиздан ўтади. Хуллас, маданиятлар тўқнашуви, улар ўртасидаги қарама-қарши ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин.

Кореяга илк бор ташриф буюрган юртдошларимиз учун энг оғриқли нуқта бу – овқатланиш масаласи бўлса ажаб эмас. Нафақат ўзбеклар, балки бутун мусулмон аҳли учун ҳам ҳалол егулик топиб истеъмол қилиш доим кун тартибида туради. Корейсларнинг озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибида аксар ҳолда чўчқа гўшти ёки ёғи ишлатилган бўлади. Ҳатто ширинликларда ҳам учратиш мумкин.

Аммо ўзбек тадбиркорлари орасида бу муаммони бартараф этишга бел боғлаганлари етарлича топилади. Корея бўйлаб ҳалол гўшт ва ҳатто тандир нонларни исталган манзилга етказиб бериш хизматлари йўлга қўйилган.

«Халқлар дўстлиги» ошхонасидан жўнатилган тандир нонлар. Тэгу

Америкалик таҳлилчи Жорж Фридмен ўзининг «Келаси юз йил» (The Next 100 Years) китобида аҳолининг қариши муаммосига асосан Германия ва Россия давлатлари дуч келиши тўғрисида башорат қилган бўлса-да, Жанубий Корея ҳам бу хавфдан бутунлай йироқ эмаслигини ҳис қилдим. Жамоат транспорти, кўчалар ва овқатланиш шохобчалари катта ёшлилар билан гавжум.

Бу борада баъзи рақамларга мурожаат қилсак. Worldometers.info маълумотига кўра, 1990 йилда Корея аҳолисининг ўртача ёши 26,9 бўлган. 2018 йилга келиб эса бу кўрсатгич 41,3 ёшни ташкил этмоқда. Таққослаш учун, Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши – 26,7.

Шаҳарда катта ва ташкилот бинолари тарқоқ жойлашгани боис манзилингизга 2-3та жамоат транспортидан фойдаланган ҳолда етиб борасиз. Менга ёққан жиҳати шу бўлдики, метродан чиқиб 30 дақиқа ичида шаҳар ичидаги ҳар қандай автобусни тутсангиз, мутлақо бепул. Бу тўловнинг электрон тизими, доимий карточкалар орқали амалга оширилади. Бу ҳақда аввалроқ метро тўғрисидаги репортажда батафсил тўхталган эдик.

Ҳар бир метро ва автобус бекатлари яқинида велотураргоҳлар мавжуд бўлиб, аҳолининг аксарият қисми бекатгача велосипедда, белгиланган манзилга жамоат транспорти ёрдамида етиб олади.

Бусан шаҳридаги велотураргоҳ

Кўпчилик сингари, менинг ҳам қулоғимга қуйишганди: «Тошкентда рус тилини қай даражада билишса, Кореяда ҳам инглиз тили худди шундай». Эҳтимол, пойтахт Сеул ҳақида гапиришгандир, лекин Бусан ва Тэгу шаҳарларида бу гапнинг исботини топмадим. Гарчи корейс халқи инглиз тилини билиш борасида дунё давлатлари орасида юқори кўрсатгичга эга бўлса-да, оддий аҳолининг аксарияти умуман тушунмайди. Хизмат кўрсатиш соҳасида инглиз тили оқсоқланади, талабалар билан эса амал-тақал суҳбат қурса бўлади.

Тэгу шаҳридаги пештахта

Маслаҳат

Кореяга ўқиш ёки ишлаш ниятида келмоқчи бўлган юртдошларимизга тавсиям – корейс тилини қунт билан ўрганинг. Балки бошқа юртларда давлат тилини билмай туриб кун кўриб кетиш осондир, лекин Кореяда бу жуда мушкул иш. Омадингиз келиб, ўзингиз сўзлашадиган тил диаспорасига тушиб қолсангиз, балки сезилмас, аммо яшаш, ишлаш борасида корейс тилисиз муваффақиятга эришиш амримаҳол.

Рукн доирасидаги навбатдаги мақолаларда Жанубий Корея таълим тизимидаги қулайликлар, талаба визаси билан ишлаш мумкин ёки мумкин эмаслиги каби масалалар билан танишасиз.

Элдор Воҳидов
Kun.uzʼнинг Жанубий Кореядаги мухбири

Мавзуга оид