Жаҳон | 20:56 / 04.12.2025
1301
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея ноқонуний мигрантларнинг ихтиёрий равишда чиқиб кетиши учун 90 кунлик дастур эълон қилди

Дастур ноқонуний мақомга эга бўлган чет элликларга жарималарсиз ва қайта киришни тақиқламасдан ихтиёрий равишда кетиш имконини беради.

Фото: Flickr

Жанубий Корея ноқонуний мақомга эга бўлган чет элликлар учун жарималарсиз ва қайта киришни тақиқламасдан ихтиёрий равишда кетишнинг 90 кунлик махсус дастурини ишга туширди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги хабар берди.

«Ғайриқонуний равишда бўлиб турган чет эл фуқаролари учун ихтиёрий равишда чиқиб кетишнинг махсус тартиби» 2025 йил 1 декабрдан 2026 йил 28 февралгача амал қилади. Белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда ариза топширган ва дастур бошланишида ноқонуний бўлиш мақомига эга ҳолда мамлакатни тарк этган хорижликлар режимдан фойдаланиши мумкин.

Дастур чегарани ноқонуний кесиб ўтган, қалбаки ёки ўзгартирилган паспортлардан фойдаланган, жиноий ҳуқуқбузарлик содир этган ёки чиқиш тўғрисидаги кўрсатмани бажармагани учун мажбурий депортация қилиниши керак бўлган чет элликларга тааллуқли эмас. Дастур 1 декабрдан кейин, яъни унинг амал қилиш даврида ноқонуний мақомга ўтганларга ҳам татбиқ этилмайди.

Дастурдан фойдаланишни хоҳловчилар яшаш манзили бўйича иммиграция бўлимига жўнаб кетишдан 3-15 кун олдин ариза билан шахсан мурожаат қилиши керак. Бунда амалдаги паспорт ва шахсий маълумотлар, яшаш манзили, жўнаб кетиш режалаштирилаётган сана, аэропорт ва рейс рақами кўрсатилган авиачипта тақдим этилади.

Адлия вазирлиги ноқонуний шахсларни аниқлаш бўйича рейдлар махсус дастурнинг бутун амал қилиш муддати давомида давом этиши ҳақида огоҳлантирди. Бундай текширувлар натижасида қўлга олинган чет элликларга нисбатан ихтиёрий чиқишнинг имтиёзли режимидан фойдаланиш имкониятисиз депортация қилиш ва кейинчалик мамлакатга киришни тақиқлашни ўз ичига олган мажбурий характердаги чораларнинг тўлиқ тўпламини қўллаш назарда тутилмоқда.

Сўнгги йилларда Жанубий Корея Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси орасида чет элга ишлаш учун боришни истайдиган муҳим йўналишга айланди. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари етакчилик қилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил июн ҳолатига кўра, мамлакатда 98 457 нафар ўзбекистонлик бор эди.

Ноябр ойи охирида фоиз нисбати қуйидагича бўлди: Жанубий Кореядаги хорижликлар умумий сонининг 34,4 фоизини хитойликлар, 12,5 фоизини Ветнам фуқаролари, 6,9 фоизини АҚШ, 6,0 фоизини Таиланд, 3,6 фоизини Ўзбекистон, 3,2 фоизини Непал фуқаролари ташкил қилди.

Ўқиш, иш ёки сайёҳ сифатида Кореяда бўлиб турган хорижликларнинг умумий сони октябр ойида 2,8 миллион кишидан ошди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид